Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2021 йил 1 июндан Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида, қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади
Президент фармонига асосан пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида:
- пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
- уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
- ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;
- пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
- пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;
- фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.
Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларга олти ой давомида ижара харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
Президент фармонига биноан тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан олти ой давомида ойлик ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг икки ярим баравари (612,5 минг сўм)дан ошмаган ҳолда ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби жорий қилинади.














