Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 24 май куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида ёшлар билан учрашди. У мулоқот вақтида «обнал иши» ҳақида сўраган журналистни «ҳайп учун» савол бермасликка чақирди.
Учрашувда журналист бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Бухородаги тадбиркорлар билан учрашувда бир неча миллиард сўмлик ҚҚС бўйича ундирувни бекор қилиш борасида қарор қилгани, аммо Солиқ қўмитаси буни тан олмасдан рад қилгани борасида савол берди.
ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев қўмита бу топшириқни «сўзсиз бажаргани»ни иддао қилди.
«Яна кўпчиликни бу масала қизиқтираётган бўлса керак-а? Биз ўзи ёшлар билан учрашув қиляпмизми ёки ҚҚС масаласини муҳокама қиламизми? Вақтимиз чекланган, шунинг учун ёшларга имконият беришни илтимос қилган бўлардим. Бу саволдан қочиш эмас. Бир марта жавоб бераман. Рухсат берсанглар, этика нуқтайи назаридан кўпроқ ёшларга имкон берсак, ёшлар билан гаплашсак, кейин 10 дақиқача вақт ажратиб, ҚҚС маъмурчилиги бўйича бўлаётган вазиятни ёритиб беришим мумкин.
Синглим, сизга бир савол, ўша топшириқни ўқиганмисиз? Бу биринчи савол. Иккинчи савол, у ерда [ҚҚСни] қайтариб берсин деган жойи борми? Aгар топшириқни ўқиган бўлсангиз, у ерда ҚҚС қайтариб берилсин деган гап йўқ. Суд масаласи ҳақида шошмай туринг. Топшириқ ҳақида сўраяпсиз. Сиз ўзингиз ўша протоколни ўқиганмисиз деб савол беряпман. Протоколни ўқимасдан туриб, шунча ёшнинг вақтини олиб, ҳайп учун бу саволни менга беришингиз этикага қанчалик тўғри келади?
У ерда бундай топшириқ берилмаган. У ерда, адашмасам, 587тами ёки 589тами контрагент тўғрисида савол бўлган ва шуни қайтариб бериш юзасидан чоралар кўриб чиқилсин, деган жумла ёзилган. Яъни биз ҳукумат комиссияси топшириғини сўзсиз бажарамиз, Солиқ қўмитаси бу топшириқни бажарган ва биз қайтариб бериш чораларини кўрганмиз.
Ҳозир рақамларда адашишим мумкин, тахминан 150га яқин контрагентга ҚҚС пулини қайтариб берганмиз. Яна бир қисмини – тан олганларини бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берганмиз. Тахминан 30 фоизига пулни қайтариб беришни мутлақо рад этганмиз ва бу бўйича ҳукуматга ахборот киритганмиз.
Бу фақат Бухоро вилояти бўйича бўлгани йўқ, маъмурчилик Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бир хил амалга оширилади», – деди Қудбиев.
ДСҚ журналистни комиссия баённомасини ўқимасдан савол беришда айблаган, бироқ таъкидлаш лозим, баённома очиқ манбаларда эълон қилинган эмас.






