Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Йўлсозлик бўйича Германия тажрибасидан фойдаланилади” – Тошкент давлат транспорт университетида онлайн мулоқотлар олиб борилмоқда
Тошкент давлат транспорт университетида ўқув-педагогик жараёнга инновацион илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш орқали замонавий транспорт мутахассисларини тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда университет раҳбарияти таълим жараёнига халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида навбатдаги онлайн учрашувни ўтказди.
Германиянинг Дрезден техника университети халқаро муносабатлар ва технологиялар транфери бўйича проректори, профессор Роналд Тетзлaф (Dr.Ronald Tetzlaff) раҳбарлигидаги делегация билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи учун зарур бўлган замонавий мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашинди.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга қилган ташрифини яхши эслайман, – деди жаноб Роналд Тетзлaф. – Ташриф давомида Президентингиз Ўзбекистонда катта имкониятлар борлигини, Германия университетлари филиалларини очишни таклиф қилиб, барчамизни Ўзбекистонга чақирган эди. Режалаштирилаётган ҳамкорликдаги дастурларимиз нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги Дрезден техника университетининг биринчи таълим лойиҳаси бўлиши мумкин.
Дрезден техника университети ҳам Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорликдан манфаатдорлигини ва автомобиль йўллари қурилиши йўналишида бакалавр, магистр, PhD, малака ошириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида университетларнинг йўл хўжалиги соҳасига ихтисослашган факультетлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали тренинглар ташкил этиш ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Roland Berger GmbH немис компанияси мутахассисларини кадрлар тайёрлаш жараёнига жалб этишга келишиб олинди.
Тошкент давлат транспорт университети ахборот хизмати.