Айни кунларда Ўқчида қулупнай сайли бошланган. Kun.uz мухбири туманнинг мазкур маҳалласида бўлиб репортаж тайёрлади.

«Ўқчи» МФЙ раиси Мартабахон Жалилованинг сўзларига кўра, қишлоқдаги 955та хонадонда жами 150 гектардан ортиқ томорқа мавжуд. Яна 500 гектардан ортиқ боғ майдонларида сархил мевалар етиштирилади. Қишлоқ аҳолиси асосан боғдорчиликда ном қозонган, аҳолининг асосий даромад манбайи ҳам шундан.

«Қишлоқдошларимиз оиласи учун қандай эҳтиёж бўлишидан қатъи назар, шу боғдорчилик ва деҳқончилик ортидан қондирилади. Сиз ёзда бир келинг, шафтолими, гилосми, ўрикми, қўйингки, барча турдаги меваларни топа оласиз», — дея маҳалла раиси бизни қишлоқдаги қулупнай пайкалларидан бирига бошлаб борди.
Боғбон аёл Манзурахон Мелиева асли Андижондан. Ўқчига келин бўлиб тушган. У келин бўлиб тушгунича ҳам, оила қулупнай етиштириш билан шуғулланган. Боғбон аёл турмуш ўртоғининг вафотидан кейин ҳам ушбу анъанани сақлаб қолди. У икки ўғли, бир қизи ва келинлари билан қулупнай етиштиришни давом эттириб келмоқда.


Қулупнай асосан август ойларида экилади. Ҳосил мўл бўлиши учун у 5 марта чопиқ қилинади.
Бу йил далаларга қулупнайнинг «Чарли», «Кобра», «Малина» ва «Тошкент» навлари экилган. Қулупнайни иссиқхонага ҳам экиш мумкин, бироқ унинг маззаси ер қулупнайникидан анча фарқ қилади. Ер қулупнайнинг мазаси ҳам, даромади ҳам яхши бўлади.
«Қулупнайларимиз асосан май ойида пишиб етилади. 1 майдан сотувга чиқади. Бу йил бироз кечикди, сотув 6 майдан бошланди. Бунга ҳавонинг совуқ келгани сабаб бўлди», — дейди боғбон аёл.

Манзура Мелиева «Малина» навли қулупнайдан мураббо тайёрлаш бўйича маслаҳат берди.
















