Соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишда таклиф этилаётган ушбу қонун лойиҳасига кўра, ўз аъзосини (органини) беришни истаган тирик донор беморнинг яқини ёки қариндоши бўлиши талаб этилмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур норма депутатлар ўртасида кескин баҳс-мунозаралар келтириб чиқарган. Бир томон бу модда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришини айтган бўлса, иккинчи томон эса бундай эркинлик берилиши натижасида инсон тана аъзолари олди-сотдиси авж олиб кетишидан хавотирда.

Инсон аъзолари донорлиги ва уларни кўчириб ўтказишни эркинлаштириш қанчалик тўғри?

Бугунги кунда трансплантация амалиётлари ҳукумат қарори билан тасдиқланган «Қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида»ги вақтинчалик низом асосида ўтказилади. Ҳужжатда тирик қариндош донорлар – қонунчилик асосида, ўзаро биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражада қариндош шахслар ўртасида бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 3 мингга яқин буйрак донор кутаётганлар бор.

Депутат Дониёр Ғаниевнинг айтишича, янги киритилаётган нормадан мамлакатда орган трансплантацияси учун донорлар кутаётган беморларга ёрдам бериш, тиббиётда трансплантология соҳасини ривожлантириш каби ижобий мақсад кўзланган бўлса-да, қонунга бу нормани киритиш хато ҳисобланади.

«Чунки одатда ақли-ҳуши жойида, соғлом инсон тириклигида ўз органларини икки сабабга кўра беришга рози бўлиши мумкин. Биринчиси, бу муҳаббат. Яъни инсон дард чекаётган бемор яқинига унга бўлган муҳаббати, меҳридан ўз органини беришга рози бўлиши мумкин. Иккинчи сабаби эса табиийки, бу пул, моддий манфаат. Албатта, учинчи сабаб ҳам бўлиши мумкин. Шунчаки ҳеч қандай манфаатсиз, танимаган одамига кимдир ўз органини бериши мумкин, лекин бу бизнинг жамият учун деярли истисно ҳолат, деб ўйлайман.

Шундан келиб чиқиб, агар қонун билан тирик донорлар тушунчасида барча шахсларнинг (беморга алоқаси бўлмаган) донор бўлиши мумкинлиги белгиланса, қўрқаманки, аҳоли даромади анча паст, ишсизлик даражаси юқори ва тўй-ҳашам, орзу-ҳавас йўлида ҳамма нарсага тайёр бизнинг жамиятда бу ижтимоий қийналган аҳоли қатлами томонидан органларни сотиш ҳолатлари, шу жумладан, орган сотиш билан боғлиқ (асосан буйрак) жиноят ишлари ортишига сабаб бўлиши мумкин.

Гарчи, қонун билан инсон аъзоларининг олди-сотдиси тақиқланаётган бўлса-да, лекин бу амалиётда ноқонуний «буйрак бозори» пайдо бўлмаслигини кафолатламайди», дейди депутат.