14:57 / 26.05.2021
5827

Қозоғистонда чет эллик фуқароларнинг мамлакатда вақтинча бўлиш муддати 5 июн куни тугайди. Ўзбекистон бош консулхонаси тавсиялар билан чиқди

Қозоғистон ваколатли органларига кўра, 2021 йил 5 июн куни республика ҳудудида чет элликларнинг вақтинчалик қолиш муддати тугайди. 

Фото: Dunyo

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарига кўра, COVID-19 пандемияси муносабати билан хорижликларнинг мамлакатдан чиқиб кетишга имконияти бўлмагани боис, вақтинча бўлиб туриш муддатлари бир неча марта узайтирилган эди. 

“Шу муносабат билан чет элликлар ва уларни таклиф қилган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида белгиланган муддатгача Қозоғистон Республикаси ҳудудида қолишни қонунийлаштириш сўралади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Қозоғистон ҳукумати хабарида айни пайтда давлат чегарасидаги ер ва ҳаво қатновлари одатий тарзда фаолият юритаётгани қайд этилган. Россия, Беларус, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Корея Республикаси, Украина, Туркия, Миср, Германия, БАА, Нидерландия, Грузия, Черногория ва Шри-Ланка каби 15 давлат билан мунтазам қатновлар йўлга қўйилгани айтилган.

Таъкидланишича, Қозоғистон чегара хизмати чет эллик фуқароларнинг мамлакатдан тўсиқсиз қайтиши учун барча чора-тадбирларни амалга оширади.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Алматидаги бош консулхонаси Ўзбекистон фуқароларига Қозоғистон ҳудудида вақтинча бўлиб туриш муддати тугаган бўлса, ўз яшаш жойидаги ички ишлар органларида мамлакатда қолиш ҳолатини қонунийлаштириш ёки 2021 йил 5 июндан олдин мамлакат ҳудудини тарк этишини тавсия қилган.

Top