Дилсора Комил (Фозилова) – олима, шоира, фан номзоди, Канаданинг British Columbia университети ўқитувчиси. 16 йилдан бери Канадада истиқомат қилаётган Дилсора Фозилова хориждаги фаолияти, ҳаёт тарзи, таълим сифати, ижтимоий муаммолар ҳақида сўзлаб берди.

“Ўзбекистондан чиқиб кетишимнинг сиёсий сабаблари бор”

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида уста дурадгор оиласида таваллуд топганман. Етти фарзанднинг олтинчисиман. Оилалиман, 3 фарзандим бор. Икки ўғлим университетни тугатиш арафасида. Кенжа қизим 7 ёшда, француз тили мактабида ўқийди.

Канадага келгач, тил ўргандим. Олдин коллежда, кейин университетда ўқидим. Алберта университетида бакалаврни (социология ва сиёсатшунослик бўйича мутахассислик олдим) тугатгач, магистратурага таклиф қилишди. Магистратурани ҳам Алберта университетида сиёсий фанлар департаментининг “Халқаро қонун ва дипломатия” бўлимида ўқидим. Магистратурани тугатиб, бир муддат коллежда IELTS ва CELPIP имтиҳонларига тайёрлаш курсларида дарс бердим.

2016 йил British Columbia университетида докторантурада ўқишни бошладим. 2018 йилда фан номзоди бўлдим. Ҳозирги кунда шу университетда дарс бераман. Илмий тадқиқотимнинг охирги босқичидаман. Тадқиқотим Ўзбекистонда исломнинг қайта жонланиши, диннинг парадоксал бошқаруви, секуляр давлат ва ислом ўртасидаги муносабатларни анализ қилади. Тадқиқотим натижаларини Ўзбекистонда ўзбек тилида нашр эттириш ниятим бор.

16 йилдан бери Канадада яшайман. Ўзбекистондан чиқиб, Россияга кетишимизнинг сиёсий сабаблари бор: бу турмуш ўртоғим оиласи вакилларининг 90-йиллар бошидаги сиёсий ўзгаришлар жараёнидаги фаоллигига бориб тақалади.

Мен шахсан у пайтларда ёш келинчак эдим ва фарзандларим дадаси Россиядан Ўзбекистонга қайтмагани учун оиламни сақлаб қолиш мақсадида болаларим билан 2003 йил ёзида Россияга кетишга мажбур бўлганман. Аёл, она сифатида 2 ва 4 ёшли гўдакларим билан мусофирчиликда жуда оғир йилларни бошимдан ўтказдим.

Ўша замон сиёсати бирмунча радикал ва диалектив эди. Турмуш ўртоғим ва акалари Ўзбекистонга қайтишимиз хавфли, деб уқтирардилар ўшанда. Шунинг учун ҳам чет давлатга иммиграция учун ҳужжат топширишга рози бўлганман. Лекин буни тақдир тақозоси, деб қараган вақтларим жуда кўп бўлган. Чунки биз билан ҳужжат топширган, чет давлатга чиқиб кетишни қаттиқ хоҳлаганларнинг кўпига иммиграция имконияти бўлмаганини эслайман.

“Давлат бойликларининг талон-торож қилинаётгани минглаб бошқа муаммоларнинг асосий сабабидир”