Kun.uz Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова билан суҳбатлашди. Болалар Омбудсмани болаларга нисбатан ишлатилаётган жинсий зўравонликлар, меҳрибонлик уйлари фаолиятидан қониқмаслиги, васийлик-ҳомийлик органлари ишини такомиллаштириш, фарзандликка олишдаги йиллаб навбатлар ҳақида фикрларини билдирди.
– Болалар Омбудсмани фаолияти нималардан иборат? Ўзи бу лавозим жамиятга керакми?
– Хориж давлатларида болалар омбудсмани болалар ҳимоячиси деб ҳисобланади. Биз адвокатлик фаолиятини кўрсатмаймиз. Лекин биз болалар манфаати учун керакли давлат органларига мурожаат қилишимиз мумкин. Фаолиятимиз Конституциядан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва бошқа халқаро ҳужжатларда келиб чиққан ҳолда болалар манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
– Ўзбекистонда болаларнинг қандай ҳуқуқлари бузилмоқда? Болаларга нисбатан зўравонликлар содир бўляптими?

– Болаларга нисбатан зўравонлик учраб турибди. Ҳатто 5–9, 10–14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти. Бу ҳақиқатан ачинарли ҳолат. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий ҳат билан мурожаат қиламиз.
Ушбу ҳолатлар юзасидан суд жараёни ўтказилганда, Болалар омбудсмани вакили қатнашиб, жабрланган болани ҳимоя қилишга киришади. Шу каби вазият содир бўлганда, қонуний вакилимиз судда қатнашди ва жиноятчига нисбатан 15 йиллик қамоқ жазосини тайинлашга эришилди.
– Жинсий зўравонликка учраган болалар номидан болалар омбудсманига қанча мурожаатлар келиб тушди?
– Мурожаатларни кўриб чиқишда ота-оналар, яқинлари билан мулоқот олиб борамиз. Имкон даражасида жинсий зўравонликка учраган болаларнинг ўзи билан ҳам гаплашамиз. Бир йил ичида менга 10га яқин шундай мурожаатлар келиб тушди. Болалар билан шунақа ҳодисалар содир бўлиши ачинарли.
Болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий зўравонликларга бериладиган жазо турини кучайтириш орқали юқоридаги ҳолатларга барҳам берган бўламиз. Шу мақсадда Бош прокуратурага таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирганмиз.














