13:31 / 01.06.2021
14429

«Барселона» «Манчестер Сити»нинг яна бир футболчисини сафига қўшиб олди

«Манчестер Сити» ҳимоячиси Эрик Гарсия фаолиятини «Барселона»да давом эттиради. Кўк-анорранглилар клуби ушбу марказий ҳимоячини сафига қўшиб олгани ҳақида расман хабар берди.

20 ёшли футболчи каталонияликлар клуби билан 2025/2026 йилги мавсум якунига қадар амалда бўлувчи шартномага имзо чеккан. Келишувга кўра, «Барселона» футболчининг бадал пулини 400 млн евро миқдорида белгилаб қўяди. Гарсиянинг тақдимоти бугун, 1 июнь куни ўтказилади.

Эрик Гарсия — «Барселона» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. 2017 йил июлида у 1,7 млн евро эвазига «Манчестер Сити»га ўтганди. Transfermarkt портали Испания терма жамоасига номзод бўлган ушбу футболчининг трансфер қийматини 20 млн еврога баҳолаган.

Аввалроқ ОАВда Гарсия «Барселона» сафига эркин агент мақомида келиб қўшилиши, унинг «Манчестер Сити» билан шартномаси 2021 йил 30 июнига қадар тузилгани, ҳамкорликни давом эттириш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани ҳақида хабарлар берилганди.

Эрик сўнгги икки мавсумда АПЛда жами 19 ўйинда майдонга тушган ва бир марта сариқ карточка олган. 

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни сўнгги 10 йил давомида «шаҳарликлар» шарафини ҳимоя қилган аргентиналик ҳужумчи Серхио Агуэро ҳам эркин агент мақомида «Барселона»га келгани хабар қилинганди.

Top