Ўзбекистон | 16:48 / 05.06.2021
2754
3 дақиқада ўқилади

Таллимаржонда энергоблокларда «авария» бўлмаган, муаммо бошқа ерда

Фото: KUN.UZ

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ ахборот хизмати расмий баёнот берди. Унга кўра, «2021 йил 4 июнь куни соат 22:16 да «Толимаржон ИЭС» АЖга қарашли энергоблок авариявий ҳолатда тўхтаганлиги сабабли электр энергия таъминотида узилишлар кузатилди» мазмунида тарқалган хабарлар асосланмаганлиги қайд этилган.

4 июнь куни соат 22:17:45да «Толимаржон ИЭС» АЖдан 18,5 км узоқликдаги «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги «Шўртан» подстанциясидан чиқувчи 220 кВ ли электр узатиш тармоғида узоқ муддатли (4,7 секунд) қисқа туташув юзага келганлиги сабабли 220 кВ кучланишли тармоққа кучланиши 35 кВ гача камайишига олиб келган. Натижада, «Толимаржон ИЭС» АЖнинг 1-сонли энергоблоки ҳамда 2-сонли буғ-газ қурилмасининг автоматик ҳимоя тизими муваффақиятли ишга тушган.

Мазкур «Шўртан» подстанциясидан чиқувчи 220 кВ ли электр узатиш линиясида қисқа туташув содир бўлишига авто-техникаларнинг 220 кВ ли электр узатиш тармоғига рухсат этилмаган масофагача яқинлашиши оқибатида тармоқдан ерга узоқ муддатли қисқа туташув содир бўлгани сабаб бўлган деб айтилмоқда.

«Толимаржон ИЭС» АЖдаги энергоблокларнинг автоматик ҳимоя тизими юз берган ушбу туташув натижасида энергоблокларни тўхтатмаганда, бу электр энергияси узатиш тизимида жуда катта миқдордаги техникавий ва молиявий талофатларга сабаб бўлиши мумкин. 

Воқеа юз берган вақтнинг ўзида тизим ишини тиклаш учун барча имкониятлар ишга солиниб, «Толимаржон ИЭС» АЖ  2-сонли буғ-газ қурилмаси 5 июнь соат 00:58 да ишга туширилишига эришилган.

Соат 10:14да станциядаги 1-сонли энергоблок қайтиб ишга қўйилган ва айни пайтда тўлиқ қувватларда ишламоқда.

«Толимаржон ИЭС» АЖ ишлаб чиқараётган электр энергиясининг ўрнини қоплаш учун «Тошкент ИЭС» АЖ, «Навоий ИЭС» АЖ ва «Сирдарё ИЭС» АЖ лардаги заҳира энергоблоклар қўшимча қувватлар етказиб бериш учун энерготизимга уланди, дейилади баёнотда.

ИЭС АЖ ахборот хизмати баёнот сўнгида келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради.

Мавзуга оид