Президент матбуот хизматига кўра, Шавкат Мирзиёев 29 октябр куни Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида OYAK компанияси бош ижрочи директори Мурат Ялчинташни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Ялчинташ кимё саноати, геология ва қурилиш йўналишларида ҳамкорликка қизиқиш билдириб, Янги Тошкентдаги турар жой ва ташқи инфратузилма объектлари қурилишида фаол қатнашишга тайёр эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини қайд этди. Президент бу жараёнда ишбилармон доиралар муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.


















