Навоий вилояти ҳокимлиги 369 млн сўмга янги Malibu-2 автомобилини сотиб олмоқда. Тегишли маълумотлар давлат харидлари порталига жойланган.
Маълум бўлишича, ҳокимлик янги автомобил хариди борасида 2021 йил 18 май куни «Навоий Автотеххизмат» МЧЖ билан шартнома тузган. 3 июн куни бу шартнома шартларига ўзгартиш киритиш бўйича қўшимча келишув имзоланган.
Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, 369 млн сўмлик машина янги жорий этилган вилоят ҳокими ўринбосари лавозими учун мўлжалланган.
Бироқ, апрел ойидаги ҳукумат қарорига асосан, вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари учун сотиб олинадиган автомобилларнинг энг юқори нархи 1500 БҲМ деб белгиланган. Бу – ҳозирги вақтда 367,5 млн сўмни ташкил этади (1500х245000).
Давлат харидлари порталидаги маълумотга кўра, харид ҳақидаги шартномага мувофиқ ҳокимлик машина нархининг 100 фоизини июн ойида тўлаши керак. Бироқ ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган изоҳда Malibu-2 автомобили ҳали сотиб олинмаганини иддао қилди.
«Айни пайтда «Малибу» русумидаги автомашина харид қилинмаган, фақатгина тендер асосида сотиб олиш учун лот шакллантирилган.
Тендер танловига қўйилган автомашина «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистан Республикаси Қонунининг 21-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги «Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-5054-сонли қарорига асосан, 2021 йилнинг 28 апрель куни Навоий вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Мирзаев Саъдулло Мирзаевичга мўлжалланган», – дейилади Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳида.
Расмий билдиришда, шунингдек, апрел ойидаги ҳукумат қарорига биноан хизмат автомобиллари мансабдорларга шахсан бириктирилиши, қарор «талабларидан келиб чиққан ҳолда тендер лоти шакллантирилгани» айтилади.

















