Кейинги йилларда Ўзбекистонда халқаро туризм изчил суръатларда ривожланиб бормоқда. 2020 йилда БМТ қошидаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти туризм ривожланиши суръати бўйича Ўзбекистон дунёда тўртинчи ўринни эгаллаб турганини маълум қилди. Айрим манбаларда 2017 йилдан 2018 йилгача бўлган бир йиллик даврда Ўзбекистонга халқаро ташрифлар сони 2,8 миллионтадан 6,4 миллионтагача кўпайгани ҳолда 2,3 баробарга ўсгани эътироф этилган.
Эътироф этиш жоизки, Самарқандга келувчиларнинг аксарияти Қадимий Ипак йўлидаги ушбу қадимий ва файзли шаҳарда жойлашган тарихий ва маданий ёдгорликларни томоша қилиш истагида бўлган сайёҳлардир. Самарқандда бўлган ҳар бир инсон қадим файласуфлари ва шоирларининг ушбу кентга «Шарқ мусулмон оламининг бебаҳо дурдонаси», дея таъриф беришгани сабабини англаб етгандек бўлади. Самарқанд сайёҳлар учун алоҳида жозибадорликка эгалигидан ташқари мамлакат пойтахти Тошкентни яна иккита тарихий шаҳарлар ҳисобланмиш Хива ва Бухоро билан боғловчи транспорт тугуни сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, келаси йилда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига айнан Самарқанд мезбонлик қилиши кутилмоқда ва шу сабабли шаҳарга ташриф буюрувчилар сони янада кўпайиши аниқ.
Ўтган асрнинг 1967 йилида қурилган Самарқанд аэропортининг эски биноси замонавий халқаро стандартларга жавоб беролмай қолгани боис ва шаҳарга ташриф буюрувчилар сони тобора ортиб бораётган бир шароитда уларга муносиб хизмат кўрсатилишини таъминлаш учун 2018 йилнинг ноябрда ойида Самарқанд халқаро аэропортини қайтадан планлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июл ойидаги ташрифидан сўнг ушбу лойиҳа кўлами янада кенгайтирилди. Табиийки, Самарқандда замонавий сайёҳлик марказини, жумладан, янги аэропортни, меҳмонхоналар, конференц-заллар, мавзули хиёбонлар ва бошқа кўнгилочар масканларни ўз ичига олган сайёҳлик марказини яратиш эҳтиёжи юзага келди.

Аэропорт реконструкцияси халқаро терминални модернизациялаш, яна бир замонавий терминални, янги учиш-қўниш йўлакчасини бунёд этиш ҳамда радиолокация тизимларини янгилашни ўз ичига олади. Лойиҳада, шунингдек самолётлар учун 24 та қўноқ жойи ва 700 ўринли енгил автомобиллар тўхташ жойи қурилиши назарда тутилган. Бугунги кунга келиб умумий иш ҳажмининг 80 фоизи бажариб бўлинди. Эндиликда аэропортнинг ўтказувчанлик қобилиятини соатига 350 тадан 1000 тагача ошириш ҳисобига кутилаётган йўловчилар оқимини йилига 460 000 тадан 2 миллионтагача, доимий тартибдаги рейслар сонини эса ҳафтасига 40 тадан 120 тагача етказиш имконияти таъминланади.
Шу ўринда Enter Engineering зиммасидаги барча ишлар коронавирус билан боғлиқ пандемия шароитида амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу жараёнда ходимларимиз ва ишчиларимизнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини таъминлаш, вирус тарқалишига йўл қўймаслик асосий вазифалардан бирига айланди. Биз шу мақсадда барча ходимларимизнинг вирус хавфи ва ундан сақланиш воситаларидан хабардор бўлишлари учун бир нечта самарали чораларни қўлладик. Шахсий ҳимоя воситаларидан қатъий тарзда фойдаланиш, ходимларнинг тана ҳароратини доимий равишда ўлчаш, гигиеник ва дезинфекциялаш воситаларини оммавий тарзда қўллаш, хавф доирасидаги ходимларни каратин тартибида кузатувга олиш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш каби чоралар ўз самарасини берди. Жараён давомидаги айрим муқаррар секинлашиш ҳолатларига қарамасдан биз умумий иш графигидан четга чиқмаган ҳолда ишлашга эришдик ва ушбу лойиҳани жорий йил сентябр ойида якунлашни мақсад қилганмиз.










