Табиат деганда кўз ўнгимизга биринчи навбатда яшнаб турган дарахтлар келади: тоза ҳаво, соя-салқин, бетакрор табиий неъмат. Шаҳар атрофида дарахтзорлар бизни шамоллардан ҳимояласа, шаҳар ичидаги дарахтлар вентиляцион йўлак вазифасини бажаради. Яшил дарахтзорлар ҳавони совитишнинг ягона воситаси бўлиб хизмат қилади.
Фотосинтез жараёнида бир гектар ердаги яшил экинзорлар 200 нафар одамнинг нафас олишига етарли кислородни ишлаб чиқариш қувватига эга. Турли дарахтларнинг барглари ўзидан ҳар хил даражада иссиқлик нурини ва қуёш спектрини ютиб, қайтариб ва ўзидан ўтказиши мумкин. Масалан, ёш эманзор қуёш радиациясининг 96,8 фоиз, қарағайзор 96 фоиз, арча, терак ва эманлар аралаш ўрмон эса 97-98 фоиз нурларни ушлаб қолади; ҳаво намлигини ошириб, инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, дарахтлар инсонларни шовқин-сурондан ҳам ҳимоялайди: шовқиннинг 25 фоизини ютиш хусусиятига эга экан.
Ҳар йили нафақат пойтахтда, бутун республикада минглаб, миллионлаб кўчат экилгани ҳақида баландпарвоз хабарлар эшитамиз. Бу кўчатларнинг кейинги тақдири эса мавҳумлигича қолади.
Хўш, охирги йилларда бизда дарахтларни кўпайтириш ва парваришлашга қандай эътибор берилмоқда?

Биргина 2021 йилда экилган 75 мингта кўчатларнинг бор-йўғи 30 фоизи кўкарган
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг туман (шаҳарлари), аҳоли пунктлари, халқ хўжалиги объектлари атрофида яшил ҳудудлар барпо этиш ва 1 миллион дарахт экиш режалаштирилган эди.
Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқоновнинг сўзларига кўра, Тошкентда экилган дарахтларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 30-40 фоиздан ҳам пасайиб кетган.
«2021 йилда пойтахтда 110 минг дарахт экилиши режалаштирилган бўлса, шундан ҳозирга қадар 75 мингтаси экиб бўлинган. Аммо дарахтларни экишда жой танлашда бирмунча хатоларимиз бор. Экилган дарахтлар кўкариши учун суғориш тизимларининг йўқлиги сабаб уларнинг 30-40 фоиздан ҳам кам қисми яшаб кета олади.








