09:13 / 11.06.2021
3387

Қўнғиротда тупроқ босиб, ҳалок бўлган 3 киши сув қувурини ноқонуний олиб кетмоқчи бўлгани маълум бўлди

Қўнғирот туманида сув қувури қазиётган 4 кишини тупроқ босиб қолиб, уларнинг 3 нафари воқеа жойида ҳалок бўлганди. «Қорақалпоқ сув таъминоти» воқеанинг баъзи тафсилотларини эълон қилди.

Унга кўра, ушбу фуқароларнинг 3 нафари мактаб ўқувчилари бўлган. Улар 9 июнь куни тонгги соат 4:00-4:30 атрофида диаметри 300 миллиметр бўлган чўян қувурни ноқонуний тарзда синдириб олиб кетмоқчи бўлганда, ёғингарчилик туфайли юмшаб қолган тупроқ остида қолган. 

3 киши воқеа жойида вафот этган бўлса, бир киши қочиб кетган ва кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланиб, шифохонага ётқизилган.

Қорақалпоғистон прокуратураси воқеа «Суўёнли» овули ҳудудида соат 05:30 ларда юз бергани, 1990 йилда туғилган С.У., вояга етмаганлар — 2006 йилда туғилган С.К., 2007 йилда туғилган С.М. ва 2004 йилда туғилган Д.М. ер остидаги сув қувурини қазиб олаётган вақтида тупроқ ўпирилиб, босиб қолганини маълум қилганди. С.У., С.К. ва С.М. воқеа жойида вафот этган, вояга етмаган Д.М. эса тупроқ остидан чиқариб олиниб, Қўнғирот туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top