Ўзбекистон | 15:47 / 14.06.2021
36794
2 дақиқада ўқилади

Президент йиғилишида ишдан олинган Қаҳрамон Олимов янги лавозимга тайинланди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қаҳрамон Олимов А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети Тошкент филиали директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети Тошкент филиалида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб “Мактабгача таълим”, “Махсус педагогика (Сурдопедагогика, Тифлопедагогика, Олигофренопедагогика)”, “Психология”, “Рус тилини ўқитиш назарияси ва методикаси” ва “Психология ва ижтимоий педагогика” таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади. Филиалда ўқитиш грант ва шартнома асосида амалга оширилади.

Қаҳрамон Олимов 2020 йил март ойида президент қарори билан мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. У бунгача вазирликда бошқарма бошлиғи, Бухоро муҳандислик технология институтининг биринчи проректори лавозимларида ишлаган.

Жорий йил 24 май куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим қамровини кенгайтириш юзасидан ўтказилган йиғилишда Қаҳрамон Олимов «ўз фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун» лавозимидан озод этилди, мактабгача таълим вазирининг қолган ўринбосарлари ва ҳудудий раҳбарлар «вазифасини бажарувчи» мақомига ўтказилди.

Мавзуга оид