Ўзбекистон | 13:44 / 16.06.2021
12671
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда президентлик сайловларини ўтказиш учун 300 миллиард сўм ажратилди

Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзод учун 3 миллиард 97 миллион сўм тўғри келмоқда.

2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда МСКнинг 16 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Ушбу маблағ ҳисобига Сайлов кодекси ҳамда халқаро сайлов стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида маблағ талаб этиладиган барча жиҳатлар ҳисобга олинди.

Жумладан, 14та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига 56 миллион 991 минг сўмдан, шунингдек, қарийб 10 800та участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига 11 миллион 813 минг сўмдан маблағ ажратиш режалаштирилган.

Округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган ушбу маблағларнинг 80 фоиздан кўпроғи мазкур комиссиялар аъзоларининг иш ҳақи, компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланади.

Шунингдек, сайлов комиссиялари аъзолари малакасини ошириш бўйича тренерлар ва ўқув машғулотлари учун 18,4 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Ушбу маблағнинг 92 фоизи тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг иш ҳақини ташкил этади.

Шунингдек, сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар илгари маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган бўлса, бундан буён жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан кўриб чиқилиши бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларни молиялаштириш учун, яъни умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга ошириш харажатлари учун – 15 миллиард 486 миллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзод учун 3 миллиард 97 миллион сўм тўғри келмоқда.

Мавзуга оид