16 июн куни Россия президенти Владимир Путин Женевада АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди.
Владимир Путин ва Жо Байден музокаралари қарийб тўрт соат давом этди — 1 соат 45 дақиқа давомида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди, танаффусдан сўнг президентлар кенг доирада учрашув ўтказди. Учрашув якунига етганидан сўнг Россия президенти журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Музокаралар натижалари
«Америка ва Россия элчилари ўз иш жойларига қайтади».
Стратегик барқарорлик бўйича қўшма баёнот имзоланди: «Биз ядровий урушда ғолиблар бўлмаслиги ва бу уруш ҳеч қачон юз бермаслиги тамойилига содиқлигимизни тасдиқлаймиз».
«Маҳбуслар алмашиш масаласида муросага келишимиз мумкин. Россия ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ давлат департаменти бу йўналишда ишлайди».
Байден тўғрисида
«Тажрибали, конструктив етакчи, ҳамма раҳбарлар билан ҳам бундай батафсил суҳбат бўлавермайди».
«Менда у билан «битта тилда» суҳбатлашгандек таассурот ҳосил бўлди».
«Байден ҳозирча мени меҳмонга таклиф қилмади, мен ҳам бундай таклиф билан чиқмадим. Бунинг учун маълум бир шароит пайдо бўлиши керак».

Байденнинг Путинни қотил дегани тўғрисида
«Кескин баёнот борасида: нима ҳам дердим, бу баёнот ҳақида ҳаммамиз биламиз. Шундан кейин Байден менга қўнғироқ қилди, гаплашиб олдик. Унинг изоҳлари мени қаноатлантирди».
«Ким ва қаерда ҳамда нимада айбдорлиги, ким қотиллиги борасида: Америка шаҳарларидаги кўчаларда ҳар куни кимнидир ўлдиришади, жумладан, турли ташкилотлар етакчиларини ҳам. У ерда бир сўз айтишга улгурмайсан – ё кўксингдан ё ортингдан ўқ узишади».
«Гуантанамо ҳалигача ишлаяпти. Бу на халқаро ҳуқуққа, на Америка қонунларига тўғри келади. Лекин ҳалигача мавжуд».

















