Спорт | 15:40 / 18.06.2021
17921
15 дақиқада ўқилади

Де Брюйне қайтди ва ҳал қилди, яна икки жамоа плей-оффда. Кун ўйинлари якунлари

Копенҳагендаги учрашувда Евро-2020 фаворитлари ўйинни ўзгартира олишди. Соғайиб сафга қайтган Кевин де Брюйне бельгияликлар ғалабасини таъминлади. Ноль очко билан қолаётган Дания энди Россияга қарши ўйинда гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилиб кўради.

Европа чемпионати. B гуруҳи
Дания — Бельгия — 1:2
 (1:0)
Голлар: Поульсен, 2 (1:0). Т.Азар, 55 (1:1). Де Брюйне, 70 (1:2).
Дания: Шмейхел, Кристенсен, Кьер, Вестергор (Сков Ольсен, 84), Мехле, Васс (Стрюгер Ларсен, 62), Ҳейберг, Дилэйни (Йенсен, 72), Брэйтуэйт, Поулсен (Нергор, 62), Дамсгор (Корнелиус, 72).
Бельгия: Куртуа, Алдервейрелд, Денайер, Фертонген, Менье, Тилеманс, Дендонкер (Витсел, 59), Т.Азар (Фермален, 90+4), Лукаку, Мертенс (Де Брюйне, 46), Феррейра-Карраско (Э.Азар, 59).
Огоҳлантиришлар: Васс, 59. Дамсгор, 69. Йенсен, 82. Т.Азар, 90+3.
Ҳакамлар: Кюйперс. ван Рукел, Зайнстра (барчаси — Нидерландия).
ВАР: ван Букел. Блом (иккиси — Нидерландия), Пажес, Летексье (иккиси — Франция).
17 июнь. Копенҳаген. «Паркен» стадиони.

Эриксенни қўллаб-қувватлов
«Бутун Дания сен билан, Кристиан» — ўйиннинг 10-дақиқаси ўтаётганда Копенҳагендаги трибуналардан бирида шу сўзлар битилган баннер кўтарилди. Кристиан Эриксен билан рўй берган ҳодиса туфайли шу куни «Паркен» стадиони данияликлар футболининг энг яхши намоёндасини қўллаб-қувватловчи атрибутлар билан тўлиб тошганди.

Аммо Эриксенни нафақат мухлислар, балки футболчилар ҳам майдонда қўллаб-қувваталшди. Баннерлар ўнинчи дақиқада кўтарилгани бежиз эмас, Эриксен Европа чемпионатида айнан 10-рақамли футболкада ўйнаётганди. 11-дақиқага ўтилганда ўйин бир дақиқага тўхтатилди. Бу вақтда тўп бельгияликларда эди, арбитр Бьорн Кюйперс ўйиндан олдин келишилганидек танаффус эълон қилди. Кристианнинг «Интер»даги жамоадоши, Бельгия термаси форварди Ромелу Лукаку ўйиндан бир кун олдин ўйинда бир дақиқа тўхталиш бўлишини эълон қилганди. Шундай ҳам бўлди: бельгияликлар тўпни аутга тепиб юборишди ва футболчилар жойларида тўхтаб, бутун арена билан биргаликда Эриксенни олқишлашди.

Скандинавларнинг режаси
Эриксенга жамоасининг биринчи бўлимдаги ўйини ёққани шубҳасиз. Финнларга қарши ўйинда Каспер Юльманн шогирдларининг ўйинига Кристиан билан рўй берган воқеа катта таъсир кўрсатган, улар ўзларига келиши қийин бўлганди: меҳмонлар эса автобус қўйиб, биргина вазиятдан фойдаланган ҳолда ғалаба қозонишганди (Дания зарбалар бўйича 22:1, аниқ зарбалар бўйича 6:1 кўрсаткичини қайд этганди). Бу сафар эса рақиб нафақат уларга ўйнашга қўйиб беришди, балки тезкор гол уришга ҳам ёрдам беришди — Бельгия термаси ҳимоячиси Денайер ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ прессинг остида хато қилди ва Поульсен ҳисобни очди, 99-сонияда урилган бу гол Евро тарихидаги энг тезкор 2-голга айланди.

Данияликлар ўйинга жиддий тайёрланишганди. Биринчидан, бу мантиқий: финнлардан учралган мағлубият уларни максимум даражада ўйнашга мажбур этарди. Ўйиннинг илк олти дақиқалигида мезбонлар рақиб жарима майдонида туриб тўрт бор дарвозага зарба йўллашди.

Иккинчидан, тактика. Дания Бельгия учун конкрет режа билан ўйинга тушди: рақибнинг 3-4-2-1 схемаси такрорланди, ҳолбуки данияликлар шу вақтгача бундай схемада ўйнаб кўришмаганди. Юльманн даврида данияликлар биринчи ва сўнгги бор 2020 йилнинг ноябрида Исландияга қарши ўйинда илк дақиқаларданоқ уч марказий ҳимоячи билан бошлаганди, ўшанда ҳам мураббийлар штаби рақиб схемасини такрорлаганди. Бу омад келтириб, жамоа 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган, икки голни ҳам Эриксен урганди.

Аммо бу сафар Кристиан ва данияликларга креативлик етишмади. Аммо улар майдонда борини бериб ўйнашди: илк дақиқалардан бошланган тўхтовсиз прессинг тезкор голга олиб келди, Поульсен — Брэйтуэйт — Дамсгордан иборат ҳужум учлиги доимий равишда ўрин алмашиб туриши бельгиялик ҳимоячиларни чалкаштириб ташлади. Бу ўйин статистикасида ҳам зарбалар бўйича данияликлар устунлик қилишди - 21:6 (аниқ зарбалар бўйича 5:5).

Кевин-қутқарувчи
Дания биринчи бўлимда Эриксен учун ўйнаб берди. Скандинавлар Евро-2020 саралашида атиги уч гол ўтказган терма жамоа ҳимоясини осонлик билан ёриб ўтарди.

Аммо Бельгияда ўйинни ўзгартириш учун яна бир тўлиқ бўлим бор эди ва Роберто Мартинес бу вақтдан тўғри фойдаланди. Танаффусда Мертенс ўрнига Де Брюйне туширилди — бу Чемпионлар лигаси финалида қоши ёрилиб ва бурни жароҳатланган яримҳимоячининг илк ўйини эди. У ниқобда эмасди — унинг юзида жароҳат излари ҳам қолмаганди.

Ўйин бутунлай ўзгарди. Бельгияликларга биринчи бўлимда оригинал тафаккур етишмаётганди ва шу туфайли улар Шмейхел дарвозаси олдига кўп ҳам яқин кела олишмаганди. Де Брюйне иккинчи бўлим бошланишидан 10 дақиқа ўтиб Торган Азарни голли вазиятга чиқарди. Кўп ўтмай Азарларнинг каттаси Эден ҳам ўйинга қўшилди, у Торган билан девор ўйнаб Де Брюйне учун гол уришга вазият яратиб беришди — 2:1. Бу голда биринчи голда ҳам фаол бўлган Лукакунинг хизматлари ҳам катта бўлди.

Дания иккинчи бўлим ўрталаридан янги футболчилар туширишга киришди, аммо бундан наф чиқмади. Брэйтуэйт асосий вақтнинг сўнгги дақиқасида дарвоза устунини пойлади, ҳужумда бундан ортиқ хавфли вазият кузатилмади. Қўшимча дақиқаларда мезбонлар яна бир гол ўтказиб юбориши мумкин эди — Шмейхель бурчак зарбаси тепилганда рақиб ҳудудига борганди, қарши ҳужумда Менье гол уролмади.

Якунда Бельгия Де Брейне билан ғалаба қозонди, Дания эса Эриксенсиз қаторасига иккинчи ўйинни бой берди, аммо жамоа ҳамон гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолмоқда. Бунинг учун скандинавлар сўнгги турда Россияни йирикроқ ҳисобда мағлуб этиши талаб этилади.

Украина мағлубиятли сериясини якунлади ва плей-офф учун курашда қолди

Европа чемпионати. C гуруҳи
Украина — Македония — 2:1 (2:0)
Голлар: Ярмоленко, 29 (1:0). Яремчук, 34 (2:0). Алиоски, 57 (2:1).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Алиоски, 57 (дарвозабон), Малиновский, 84 (дарвозабон).
Украина: Бушчан, Караваев, Зинченко, Матвиенко, Миколенко, Забарный, Степаненко, Малиновский (Соболь, 90+2), Шапаренко (Сидорчук, 78), Ярмоленко (Циганков, 70), Яремчук (Беседин, 70).
Македония: Димитриевски, С.Ристовски, Алиоски, Велковски (Ристевски, 85), Муслиу, Адеми (Тричковски, 85), Спировски (Чурлинов, 46), Барди (Аврамовски, 77), Николов (Трайковски, 46), Элмас, Пандев.
Огоҳлантиришлар: Шапаренко, 43. Велковски, 59. Аврамовски, 83.
Ҳакамлар: Рапаллини. Белатти, Бонфа (барчаси — Аргентина).
ВАР: Эрнандес-Эрнандес (Испания). Мели (Италия), Санчес Мартинес, Мартинес Мунуэра (иккиси — Испания).
17 июнь. Бухарест.  «Миллий» стадион.

Украина термаси нидерландларга қарши биринчи ўйиннинг иккинчи бўлимида иккита жавоб голи уриб, мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлганди. Лекин бу камбек очко келтирмаган, рақиб якунда яна бир гол уриб ғалабани илиб кетганди. Македонлар ҳам Европа чемпионатларидаги илк тарихий ўйинида австрияликларга мағлуб бўлишган, шу туфайли бу ўзаро ўйинда ким гуруҳда қолиб кетиши масаласи ҳал бўларди.

Андрей Шевченко бошланғич таркибда икки ўзгариш қилди: Шапаренко жароҳатланган Зубков ўрнини эгаллади, таянч зонасида Сидорчук ўрнига Степаненко тушди. Мураббий ўйинда ташаббус ва тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик украинлар томонида бўлиши учун ўзгаришлар қилди. Бу иш берди: сариқ-кўклар юлдузлари — Малиновский, Ярмоленко, Яремчук ва уларни ортдан қўллаб-қувватлаган Зинченко — тезлик билан рақиб ҳудудида пайдо бўлишарди. Биринчи ярим соатликда украинлар кўплаб вазиятларни голга айлантира олишмади, аммо бўлимнинг охирги қисмида барибир ўз мақсадларига етишишди. Бурчак зарбасидан кейин Ярмоленко узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Бу унинг терма жамоадаги 42-голи бўлди, у ҳозирда ўзига устозлик қилаётган Шевченкога етиб олиши учун яна олти гол керак.

Беш дақиқа ўтиб Украина иккинчи голни урди. Бу сафар Ярмоленко ассистент ролида, Яремчук эса бирга-бир вазиятдан оқилона фойдаланди. Ушбу футболчилар турнирда иккитадан гол ва биттадан голли пас муаллифи бўлиб туришибди.

Шундан кейин ўйинда бир савол юзага келди — македонлар украинларнинг Амстердамдаги қаҳрамонлигини такрорлай олишадими? Танаффус арафасида улар бунга тайёр эканликларини кўрсатишди. Пандев дарвозабонни алдаб ўтиб дарвозани ишғол этди, аммо у офсайдда қолиб кетгани маълум бўлди. Дарвоқе, бу ўйинда Евро тарихида илк бор аргентиналик ҳакамлар бригадаси ишлади.

Иккинчи бўлимда ҳакам ўзига эътибор қаратди: Фернандо Рапаллини танаффусдан кейин икки пенальти қўйди. Аввалига — украинлар дарвозасига. Лекин негадир нуқтага Пандев эмас, «Лидс»даги ўйинлари орқали танилган Алиоски келди. Унинг зарбасини Бушчан қайтарди, аммо у қайтган тўпни барибир дарвозага тўғрилаб юборди. Майдондаги вазият, табиийки, ўзгарди. Энди македонлар украинларнинг биринчи бўлимдаги ўйинини кўрсата бошлашди: яхши комбинациялар уюштирилди, вазиятлар яратилди, узоқ масофалардан зарбалар йўлланди.

Украина термаси ўйин охиридаги асабийликдан қутулиш учун учинчи голни уриб ҳисобни қулай вазиятга келтиришга яқин келганди. Рапаллини видеотакрор орқали македонияликлар жарима майдонида қоидабузарлик қайд этди ва пенальти белгилади. Яремчук ва Ярмоленко бу вақтда захирага олинганди, шу туфайли 11-метрлик нуқтага Малиновский яқинлашди. У зарбани аниқ ижро эта олмади — Димитриевски зарбани тўсди.

Украинлар барибир ғалабани сақлаб қола олишди, аммо уларнинг иккинчи бўлимдаги ўйини биринчи бўлимдагидан кескин фарқ қилди. Лекин бу унчалик муҳим эмас - муҳими очколар қўлга киритилди. Украина термаси Европа чемпионатларида олти ўйиндан иборат бўлган мағлубиятли сериясига якун ясаб, плей-оффга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишди. Шу билан бирга, турнир антирекордидан қутулиб қолишди — турнир тарихида бир жамоа қаторасига етти ўйинда мағлуб бўлмаган.

«Қизил лолалар»нинг қайтиши. Нидерландлар 2014 йилдан буён илк бор йирик турнир плей-оффида ўйнайди

Европа чемпионати. C гуруҳи
Нидерландия — Австрия — 2:0
 (1:0)
Голлар: Депай, 11 — пенальти (1:0). Дюмфрис, 67 (2:0).
Нидерландия: Стекеленбург, Блинд (Аке, 64), ван Анҳолт (Вайндал, 65), де Фрай, де Лигт, Дюмфрис, Вейналдум, де Рон (Гравенберҳ, 74), Ф.де Йонг, Депай (Л.де Йонг, 82), Вегҳорст (Мален, 64).
Австрия: Баҳманн, Драгович (Линҳарт, 84), Улмер, Алаба, Ҳинтереггер, Лайнер, Забитцер, Лаймер (Гриллич, 61), К.Шлагер (Онисиво, 84), Баумгартнер (Лазаро, 70), Грегорич (Калайжич, 62).
Огоҳлантиришлар: Алаба, 10. де Рон, 14. Баҳманн, 67.
Ҳакамлар: Гринфелд. Ҳассан, Яркони (барчаси — Исзроил).
ВАР: Гиль (Польша). Валери (Италия), Беттс, Аттуэлл (иккиси — Англия).
17 июнь. Амстердам. «Йоҳан Кройф Арена» стадиони.

Нидерландларнинг Роналд Куман бошқарувидаги қайта уйғониши Франк де Бур даврига келиб тўхтаб қолгандек эди. У «Аякс»да мураббийлик фаолиятида қаторасига тўрт мавсумда чемпионликни қўлга киритди, аммо амстердамликлар ўйини  унинг даврида зерикарлироқ бўлди. Кейин де Бур «Интер», «Кристал Пэлас» ва ҳатто у келишидан олдин МЛС чемпионатида олтин медалларни қўлга киритган «Атланта Юнайтед»да ҳам муваффақиятсизликка учради.

Миллий жамоадаги фаолияти ҳам камтарлик билан бошланди — тўрт ўйинда ғалаба қозонилмади, шу йил мартида ЖЧ-2022 саралашидаги биринчи ўйинда Туркиядан 2:4 ҳисобидаги мағлубият қайд этилди. Аммо, қанчалик ғалати эшитилмасин, де Бур миллий жамоани Европа биринчилигига жуда яхши тайёрлагани маълум бўлди, у ҳимоя марказида ван Дейкнинг йўқлигини билдирмаслик учун максимал ҳаракат қилди. Шу туфайли де Лигтнинг сафга қайтиши ҳам уч марказий ҳимоячидан иборат схемага таъсир кўрсатмади.

Бу схеманинг энг яхши томони (Нидерландия одатда 4-3-3 схемасида ўйнаб келган) латералларнинг қўли боғлиқ бўлмаганидир. 1-турда Дюмфрис украинлар ҳимоясини сочиб юборганди. 2-турда ПСВ футболчиси «Реал»нинг янги футболчиси Алабани жарима майдонида эҳтиётсиз ҳаракат қилишга мажбурлади (австриялик рақибнинг оёғини босиб олди) ва пенальти ишлади. Иккинчи бўлимда эса Дюмфрис Депай ва Мален иштирокидаги ажойиб комбинацияни гол билан якунлаб, ўйин тақдирини ҳал қилди.

Бу схема қанот ҳимоячилари фаоллиги эвазига трансформация бўлади. Айниқса Дюмфрис ўнг қанотда чапдаги ван Анҳолтдан ҳам кўпроқ олдинга боради.

Нидерландлар вазиятларидан фойдалана олишганида биринчи бўлимдаёқ йирик ҳисоб қайд этишлари мумкин эди. Биргина Депайнинг ўзи ҳет-трик қайд этиши мумкин эди, аммо у фақат пенальтини аниқ ижро этиш билан чекланди. Жорий чемпионатдаги дарвозабонларнинг қаҳрамонликларини ҳисобга олсак, унинг гол ургани ҳам катта натижа. Депай аслида жамоанинг асосий тўпурарларидан, йил бошидан буён Мемфис терма жамоа сафидаги етти ўйинда 6 гол уриб, 3 голли узатмаган муаллифлик қилган ва бу де Бурни ҳам, мухлисларни ҳам қаноатлантиради, у нидерландларниинг «ўнлиги» шу ёзда «Камп Ноу»га йўл олмоқда.

Депайни «Барселона» билан келишувга эришишдан тўхтата олмаган «ПСЖ» Вейналдумни ўзиники қилди. Куманга «Ливерпуль»нинг ушбу собиқ футболчиси катта ёрдам берган бўларди, миллий жамоа сардори Френки де Йонг билан каталонлар марказини бетонлаши мумкин эди.

Нидерландлар учун Австрия устидан ғалаба — оддий ҳолат. Буниси — қаторасига еттинчиси, австрияликлар сўнгги бор 1990 йил майида ғолиб чиқишган, бу уларнинг ўзаро қарама-қаршиликлардаги ягона ғолиблиги, ўша вақтда нидерландларнинг ҳозирги таркибидан фақат Блинд ҳамда 38 ёшли Стекеленбург туғилганди. Энди нидерландларнинг катта турнирлар плей-оффига чиқиши яна одатий ҳолатга айланади. 2014 йилги жаҳон чемпионатидаги бронзадан кейин улар аввалги Еврони ҳамда Россиядаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишди. Гуруҳдаги иккинчи ғалабадан кейин улар катта ўйинларга ишонч билан қайтишганини исботлашди.

Мавзуга оид