Суҳбат давомида таниқли актёр ўз ҳаёт ва ижод йўли, дубляж ва театрда ўтган олтин даврлари бир муддат санъатдан кетиши, Америкада ўтган ҳаёти, дубляжнинг кеча ва бугуни мулоҳазалари ҳақида гапириб берди.

Ўзбек театрининг бугунги ҳолати

— Ҳозирда пандемия сабабли театр карантинга ёпилган. Театр биносида [Ўзбек миллий академик драма театри назарда тутилмоқда – таҳр.] томошалар кўрсата олмасак-да, гастрол тадбирларда қатнашиб турибмиз. Кино ва сериаллардаги съёмкалар, дубляждаги ишларимиз ҳар доимгидек давом этяпти.

Бугунги интернет замони, телеканаллар орқали исталган ва қизиқтирган фильмлар, театр томошалари ва бошқа кўрсатувларни топиб олиб кўриш мумкин. Шу маънода баъзида театрнинг даври ўтиб қолдимикан деган ўй-фикрларга ҳам бораман. Лекин театр кассаси олдида билетга навбатга туришганда, залда тўпланган одамларни кўрганда кўнглим жойига тушадики, театрнинг ҳам ўз мухлислари, ўз томошабинлари бор. Чунки томошабин актёрга қувват беради, шунинг ўзиёқ меҳнатимиз бекор кетмаётганини кўрсатади, ижодкор кучига куч қўшади.

Санъат ва театр

— Театр шундай ҳодисаки, у бир томондан телевидениенинг сериал ва кинолари, танқидий ёки кўнгилочар кўрсатувлари каби турли жанрда бўлади: трагедия, драма, комедия, мелодрама – ҳар ким ўз қизиқишидан келиб чиқиб улардан бирини танлаб кўради.

Иккинчи томондан, ҳар бир саҳналаштирилган асар моҳиятида тарбия ётади, уни саҳнада ижро этиш орқали ҳам маданий озуқа бериш, ҳам эстетик завқлантириш ёки кулдириш мумкин. Жанрларига қараб асарлар муаллифнинг долзарб деб билган ғоясини кўрсатиб бериш ёки томошабинни дам олдириш учун қўйилади. Чунки ҳамма ҳам катта асарларни ҳазм қилолмайди.

Баъзида ташкилотлар томонидан билетлари сотиб олинган ходимлар томошабин бўлиб келади, улар билет бўлгани учун келади, лекин ўша кунги спектакл уларни қизиқтирмайдиган жанр бўлса бирдан билинади. Саҳнадаги актёр ва залдаги томошабин ўртасида боғлиқликни ҳис қилиб турамиз. Актёр томошабинга қарамаса ҳам унинг нафас олиши спектакл қандай кетаётганини билдиради.

Актёр ва импровизация