14:26 / 18.06.2021
59587

Майдондаги миллиардерлар. Тарихда илк марта ўзбекистонлик футболчиларнинг маошлари очиқланди

«Пахтакор» клубининг энг юқори маош олувчи футболчилари легионерлар - швейцариялик Эрен Дердийўқ (йиллик маош 1,3 млн евро) ҳамда сербиялик Драган Черан (350 минг доллар) ҳисобланади.

«Пахтакор» клуби матбуот хизмати клуб футболчилари, мураббийлар штаби ва раҳбариятининг маошлари ва даромадлари бўйича маълумотларни очиқлади.

Маълум бўлишича, клубнинг энг юқори маош олувчи футболчилари легионерлар - швейцариялик Эрен Дердийўқ (йиллик маош 1,3 млн евро) ҳамда сербиялик Драган Черан (350 минг доллар) ҳисобланади.

Асосий таркибдаги маҳаллий футболчиларга эса бир хилда - йилига 153 миллион 120 минг сўмлик маош тайинланган. Шу билан биргаликда, футболчиларга ўйинлардаги иштироки ва кўрсатган натижаларига қараб алоҳида мукофот пуллари белгиланган ва бу миқдорлар йиллик маошлардан бир неча баравар (айрим ҳолатларда бир неча ўн баравар) юқори кўрсатилган. Масалан, жамоа ҳимоячиси Егор Кримецга 4 миллиард сўмдан ортиқ мукофот пули чиқарилган. Шунингдек, Анзур Исмоилов (1,7 млрд), Азиз Турғунбоев (1,4 млрд), Сардор Собирхўжаев (1,4 млрд), Фаррух Сайфиев (1,1 млрд), Шерзод Аъзамов (1,1 млрд), Элдор Суюнов (1,1 млрд), Аброр Исмоилов (1 млрд) миқдорида мукофот пули олади.

Дердийўқ ва Черанда мукофот пуллари йўқ.

«Пахтакор» клуби бош директори Д.Адисманнинг йиллик даромади 588 млн сўмни (ойига 49 млн сўм) ташкил этган.

Бош мураббий Питер Ҳюстра эса йилига 350 минг евро маош олиши белгиланган.

«Тошкент шаҳар ҳокими - «Пахтакор» футбол клуби раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев бундан буён клубдаги маошлар ва бошқа ҳисоботлар шаффоф тарзда бериб борилиши ҳақида таъкидлаганди. Ушбу баёнотга мос тарзда «Пахтакор» асосий таркибидаги футболчилар, асосий жамоа мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятининг йиллик маош ва даромадлари акс эттирилган маълумотни тақдим этамиз.

Кўрсатилган тўловларнинг аксарият қисми ҳомийлар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади», дейилади хабарда.

Қайд этиш керакки, «Пахтакор» ўз футболчиларининг маошлари миқдорини оммага маълум қилган илк ўзбек футбол клуби бўлди.

17 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев жамоа аъзолари ва мураббийлари билан клубнинг Қибрайда жойлашган машғулотлар базасида учрашув ўтказган, унда клуб ва жамоа олдида турган муаммолар, уларнинг ечимлари, «Пахтакор» келажак фаолияти муҳокама этилганди. 

Клуб олдида турган молиявий мажбуриятлар шу кунларда ижобий ҳал этилгани, ҳомийлар томонидан ажратилган 22 миллиард сўм пул маблағлари ҳисобидан шу кунгача йиғилиб қолган футболчилар, мураббийлар ва клуб ходимларининг маошларидан бўлган қарздорликлар бартараф этилгани хабар қилинганди.

Top