Наргиза Жўраева ва Абдулҳай Жўраевлар Халқ таълими вазирлиги эълон қилган танловда  фарзанд тарбиясига оид тажрибаларини баён этиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритишди. Уларнинг икки нафар фарзанди бараварига Президент мактабига ўқишга кирган. Улар фарзанд тарбиясида нималарга кўпроқ эътибор қаратишади? Бунда қандайдир сир борми? Жўраевлар оиласининг муваффақиятли тажрибалари билан яқиндан танишиш мақсадида улар билан суҳбат уюштирдик. 

“Бола 2 ёшгача ўйинчоқ ўйнамайди”

Ота-онам, қайнона-қайнотам ўқитувчи бўлишган. Ўзимиз ҳам ўқитувчимиз. Асосий билимни оилада олганмиз. Бизга ота-онамиз томонидан берилган таълим-тарбияни фарзандларимизга ҳам бериб келяпмиз. Уларнинг Президент мактабига киришида ҳам бизга берилган тарбиянинг самараси жуда катта. 

Аслида ҳеч ким ота ёки она бўлиб туғилмайди. Ота-оналикни касбдай қабул қилиш керак. Касбимиз ортидан маош оламиз. Атрофдаги ҳамкасбларимиз билан рақобатда бўламиз. Улардан устунроқ бўлиш учун кўпроқ ўқиймиз, изланамиз. Ота-оналик ҳам худди шундай. Ота-она бўлишини билган, ҳис қилган одам ўзини шунга тайёрлаши керак. 

Мен ўзим нимадан бошлаганман: 2006 йилда биринчи фарзандимни дунёга келтирганимда интернет унчалик ривожланмаганди. Бола тарбиясига оид адабиётларга таянардим. Тарбияда турли усуллар бор. Менга ёққани Монтессори усули ҳисобланади. Бунда боланинг ривожланиши учун уйдаги оддий анжомлардан фойдаланиш мумкинлиги айтилади.

Наргиза Жўраева ва Абдулҳай Жўраев

Биламизки, болага қанчалик қиммат ўйинчоқ олиб берсангиз ҳам, уни 1-2 кун ўйнаши мумкин. Бола 2 ёшгача ўйинчоқ ўйнамайди. Буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб, уч фарзанднинг онаси сифатида айтяпман. Бола 2 ёшгача уйда бўлади. Сизнинг нима қилаётганингизни кузатади. Қиммат ўйинчоқларни олиб келгандан кўра уйдаги идиш-товоқ, кийим учун мўлжалланган қисқични олиб келиб берсангиз, уни маза қилиб ўйнайди. Чунки бола сизга тақлид қилишга мойил бўлади ва унга сиз ишлатаётган нарсани ишлатиш қизиқ. 

 Кир ёйганингизни кўрган бола бир марта бўлсаям қисқични ушлаб кўришга ҳаракат қилади. Боланинг қўлига ип ва қисқични беринг. У ўзи қисқични ишлатишга ҳаракат қилади. Майли, у қўлини қисиб олсин, бир-икки марта уринади. Бунда муҳими қўл ҳаракати - моторика ишлайди. Шу оддий нарса орқали фойдали билим бераётган бўламиз.