Икки ҳафтадан буён Самарқанддаги қатор ҳудудларда сув танқислиги ҳақида хабарлар чиқа бошлади. Жойларда нафақат экин майдонлари, балки аҳолини ҳам сув билан таъминлашда муаммолар юзага келган. Айрим аҳоли пунктларида қудуқлар қурий бошлади. Марказлашган ичимлик суви таъминотида ҳам узилишлар кўпайган.

Мутахассислар мазкур вазият бўйича иккита омилни ўртага ташламоқда: Зарафшон дарёсида сув сатҳи пасайиши ва бу йил ёғин миқдори кам бўлгани. Нима бўлганда ҳам, бу йил кузатилган ҳолатни энди сув ресурсларига муносабатни кескин ўзгартиришга бўлган «сигнал» деб қабул қилиш керак.

Хўш, Зарафшон дарёсининг сув сатҳи чиндан ҳам йил сайин пасаймоқдами? Ҳеч қачон қуримаган булоқнинг қуришидан тортиб, Самарқанд вилоятининг жанубий туманларида аҳолининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммолари ортиб бораётгани дарё сувига қанчалик алоқадор?

Kun.uz Зарафшон дарёсининг Тойлоқ туманидан ўтувчи қисми яқинида истиқомат қилиб келаётган фуқаролар билан суҳбатлашди.

Назаркарда булоғи туманнинг Нурли йўл маҳалласи, Қундузак қишлоғида жойлашган. Мазкур булоқ суви қуриб қолганини қишлоқ аҳли авваллари кўришмаган. Айни вақтда булоқ суви янгиланмаяпти, лойқа ҳосил бўлган. Айтишларича, ўтган йили ушбу булоқда балиқлар ҳам сузиб юрган.

Айтиш мумкинки, Нурли йўл маҳалласи аҳолиси кўп йиллардан бери қўлбола кранлардан фойдаланиб келади. Яқин-яқингача 8–9 метрдан сув чиққан бўлса, сўнгги уч-тўрт йилда қувурларни янада чуқурроққа уришга тўғри келяпти. Сўнгги ҳафталарда эса 14–15 метрдан ҳам сув чиқиши муаммо бўлмоқда.

Масалан, биз суҳбатлашган фуқаролардан бири жорий йилнинг баҳор ойларида ҳовлисидаги қудуқда сув пастлаб кетгани учун янгисини қазишга киришганини айтди. Аммо 15 метрдан ҳам сув чиқмагани сабабли, ҳовлининг яна бошқа қисмидан қудуқ қазиб кўрмоқчи. У кишининг ҳовлисида иссиқхона қурилган бўлиб, сув танқислиги сабабли экинларни суғоришда муаммога дуч келмоқда.