11:53 / 19.06.2021
23732

Эрондаги президентлик сайловларида Иброҳим Раисий ғолиб бўлди

Фото: Reuters

Иброҳим Раисий Эронда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонди. Бу ҳақда мамлакатнинг сайловлар ўтказиш бўйича штаби хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат Олий суд раиси Иброҳим Раисий 17,6 миллиондан ортиқ овоз тўплаган ҳолда ғолиб бўлган. Жами 28,6 миллион киши овоз бериш жараёнида иштирок этгани айтилади.

18 июн Эронда президент сайловларида овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Мамлакат раҳбари лавозими учун 4 номзод кураш олиб борди. Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний ўз лавозимини кетма-кет икки муддат эгаллагани сабабли жорий сайловларда иштирок этмади.

52 млндан кўпроқ эронлик бутун мамлакат бўйлаб фаолият юритган 66,8 мингга яқин ҳамда дунёнинг 133та давлатида очилган 234та сайлов участкасида овоз бериши мумкин бўлди. 

Президент лавозими учун 4 номзод кураш олиб борди. Дастлаб номзодлар сони кўпроқни ташкил қилган, бироқ охирги ҳафтада улардан кўпи сайловларда иштирок этмасликка қарор қилган.

Сайловларда мамлакатда қабул қилинувчи қарорларнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича кенгаш котиби Муҳсин Ризоий, Олий суд раиси Иброҳим Раисий, парламент раиси ўринбосари Амир Ҳусайн Қозизода Ҳошимий ва марказий банкнинг собиқ раҳбари Абдулнаср Ҳимматий иштирок этди.

Эрон президенти 4 йиллик муддатга сайланади. Сайловларда ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаш лозим. Агар номзодлардан бирортаси бундай натижага эриша олмаса, унда сайловларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. 

Top