Йиғилишда жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ва мураббийлар штаби шартнома шартларига мувофиқ истеъфога чиқарилгани маълум қилинди.

Жамоа сардори Одил Аҳмедов миллий жамоадаги фаолиятига якун ясаганини айтди. Tribuna.uz йиғилиш тафсилотларини ёритди.

«Миллий жамоани ким бошқаради, деган савол бир кунлик эмас. Бу масалани футбол фахрийларимиз ва мутахассислар билан муҳокама қиламиз. Ўзимизни ва европалик мураббийлар номзодини кўрамиз. Кейин яна ҳеч қандай баҳона бўлмаслиги керак. Кимлар иш бошлаши ҳақида ҳали яна маълумот берамиз. Миллий жамоа масаласи эса ҳали яна муҳокама қилинади», – деди ЎФА раҳбари Абдусалом Азизов.

Абдусалом Азизов: «Бу мағлубият сабаблари бир кунда юзага келмаган, бу чуқур ўрганилади»

Вадим Абрамов: «Одил Аҳмедов нега ҳимояда ўйнади? Азиз Ҳайдаров ва футболчилар келиб шундай қилишимни сўрашди, рад эта олмадим»

Сўзга чиққан бош мураббий ўз изоҳларини айтиб ўтди.

«Ўзбекистон миллий жамоаси икки йил аввал Фаластиндан мағлуб бўлгач, мени бош мураббий сифатида тайинлашган ва олдимга миллий жамоани кейинги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилганди. Биз миллий жамоа таркибини 70 фоизга янгиладик. Шундан кейин Яман ва Сингапурни мағлуб этдик, Саудия Арабистонига эса Тошкентда 2:3 ҳисобида ютқаздик. Бу баҳсни футболчиларимизнинг тажрибасизлиги сабаб бой бердик. Натижада 1-ўринни эгаллаш имкониятимиз пасайиб кетди.

Саудия Арабистонидаги марказлашган тизимда давом эттирилган ўйинларда эса 3та ўйинда 6 очко олсак кейинги босқичга чиқардик. Аммо пандемия туфайли Шимолий Корея ЖЧ-2022 саралашидан чиқиб кетди ва ФИФА бошқа гуруҳлардаги 2-ўриндаги жамоалардан 6 очко олиб ташлади. Охир-оқибат Ливан 10 очко билан кейинги босқичга чиқди, Ўзбекистон эса 15 очко билан қолиб кетди. Бош мураббий сифатида ҳамма айбни ўз бўйимнига оламан. Футбол мухлисларидан узр сўрайман. Мураббий бўлиб ишлаганимда икки марказий ҳимоячи ва дарвозабонни тайёрлай олмадик. Бу муаммо ҳалигача мавжуд», – деди Вадим Карленович.