16 июнь куни UzbekLife жамоаси Германиянинг Зиген университети магистратура босқичи битирувчиси Музаффар Максумов билан Instagram’да жонли эфир орқали суҳбат ўтказган эди.

Бугун ушбу суҳбатнинг тўлиқ ёзиб олинган вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Минимал 6.5 балл олганлар грант соҳиби бўлган

2018 йил Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кимё йўналишида охирги босқичда таҳсил олар эдим.

Ўша йилларда Ислом Каримов фондининг грант танлови ҳақида эшитиб қолдим. Кейин у ҳақида маълумотлар йиға бошладим.

Танлов бешта босқичда бўлиб ўтган. Дастлабки босқичда – инглиз тилини билиш даражаси тест орқали текширилади. Бунда одатдаги абитуриентларга бериладиган саволлар эмас, балки, бироз мураккаброқ саволлар жамланган. Кейинги босқичда -  мутахассислик бўйича яна бир тест топширилган. Учинчи босқичга ўтганлар Республикадаги нуфузли олим-профессорларнинг суҳбатида бўлишади.

Навбатдаги босқичда – психологик тест ва суҳбат ўтказилган. Танловнинг сўнгги босқичида – IELTS имтиҳони бўлиб ўтади. Бунда минимал 6.5 балл олганлар грант соҳиби бўлган.

Талабгорлар босқичма-босқич камайиб борар эди. Агар сиз биринчи босқичдан ўта олмасангиз, сизда кейингиларида қатнашиш имкони бўлмайди.

Танловда ғолиб бўлган стипендиантларга таълим олиш учун хорижий давлат ва университетни эркин танлаш, ўқиш давридаги ойлик барча харажатлар қопланиши, йиллик семестрлар учун тўловлар тўланиши, авиачипталарнинг бепул берилиши, ҳаттоки бир йилда бир маротаба Ўзбекистонга бориб-келиш имконияти айнан Ислом Каримов фонди томонидан тўлиқ таъминланган.

Германияда деярли барча университетларда таълим бепул

Германияда таҳсил олишнинг афзаллик жиҳатларидан бири – маълум бир олий таълим муассасаларидан ташқари бошқаларида тўлов – шартнома асосидаги таълимнинг мавжуд эмаслигида. Фақат семестр давомида университетнинг жойлашувига қараб, ўртача 200-500 евро тўлов бўлиши мумкин.