Евро-2020. B гуруҳи
Россия — Дания — 1:4 (0:1)
Голлар: Дамсгор, 38 (0:1). Поульсен, 59 (0:2). Дзюба, 70 — пенальтидан (1:2). Кристенсен, 79 (1:3). Меҳле, 82 (1:4).
Россия: Сафонов, Кудряшов (Караваев, 68), Жикия, Марио Фернандес, Дивеев, Оздоев (Жемалетдинов, 61), Зобнин, Кузяев (Мухин, 67), Головин, Дзюба, Миранчук (Соболев, 62).
Дания: Шмейхель, Кьер, Вестергор, Кристенсен, Меҳле, Васс (Стрюгер Ларсен, 61), Дилэйни (Йенсен, 86), Ҳейберг, Поулсен (Долберг, 61), Брэйтуэйт (Корнелиус, 86), Дамсгор (Нергор, 72).
Огоҳлантиришлар: Кудряшов, 28. Дилэйни, 57. Дивеев, 75.
Ҳакамлар: Тюрпен. Грингор, Дано (барчаси — Франция).
ВАР: Летексье. Бризар, Пажес (барчаси — Франция), Эрнандес-Эрнандес (Испания).
21 июнь. Копенҳаген. «Паркен» стадиони.
Сўнгги йилларда Станислав Черчесов бошқарувида Россия термаси — рақиблар учун «ўқилган китоб»га айланиб қолди. Жамоанинг натижалари барқарор - кучсизлар мағлуб этилади, кучлиларга мағлуб бўлинади, тенг рақиблар билан тенглик кузатилади. Бу ҳам Копенҳагенда рўй берган воқеаларни изоҳлайдиган фактлардан бири.
2018 йилги жаҳон чемпионатида Россия Саудия Арабистони ва асосий етакчиси Муҳаммад Салоҳсиз ўйнаган Мисрни мағлуб этган, учинчи турда Уругвайга мағлуб бўлган, кейин 1/8 финалда турнирда бош мураббийсиз қатнашган ва сочилиб кетган Испанияни пенальтилар сериясида мағлуб этган, кейин чорак финалда Хорватияга мағлуб бўлинган.
Миллатлар Лигасида Россия туркларни икки бор мағлуб этди, аммо ЖЧ-2018да ўзлари каби чорак финалда ўйнаган Швецияга қарши икки ўйинда ҳам ғалаба қила олмади (0:0 ва 0:2). Евро-2020 саралашида ҳам ҳаммаси маълум эди — кучсизлар мағлуб этилди, Бельгияга икки ўйин ҳам бой берилди ва иккинчи ўрин. Март ойида жаҳон чемпионатига саралашда Словения билан ўйинда уч очко, Словакия билан ўйинда ноль.
Евро-2020 гуруҳ босқичи ҳам шунга монанд кечди — руслар нисбатан кучлироқ рақибларга қарши ҳеч нарса қила олишмади, фақат кучсиз рақибни осон мағлуб этишди.
СССР қулаганидан кейинги даврда Россия 15 уринишдан фақат 2тасида плей-оффга чиқа олган. Дания эса ФИФА рейтингида 10-ўринда жойлашган жамоа. Руслар данияликларга қарши муваффақиятга эришиши учун оптимал таркиб, идеал даражадаги махсус тайёргарлик, ўйин учун тўғри режа талаб этиларди. Шу билан бирга, дарвозабоннинг қаҳрамонликларига умид қилиб қолмаслик учун қўпол хатоларга йўл қўймаслик ҳам муҳим эди.




















