Президент Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклади.

Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни, соҳанинг муҳтарам фахрийларини Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман.

Сизларнинг бу галги касб байрамингиз энг улуғ ва энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик санаси арафасида бўлиб ўтаётгани унга алоҳида руҳ ва мазмун бағишламоқда.

Барчангизга аёнки, кейинги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Эл-юртимиз, жамоатчилигимиз матбуот нашрлари, теле-радио каналлар, нашриёт ва матбаа корхоналари, Интернет сайтлари, ахборот хизматларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган заҳматкаш журналист ва блогерлар, ношир ва муҳаррирлар, таржимон ва рассомлар, режиссёр ва операторлар, барча техник ходимларнинг машаққатли меҳнатини яхши билади ва юксак қадрлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб яшайдиган, жамиятда юз бераётган муҳим ўзгаришлар, устувор ғоя ва ташаббусларнинг маъно-моҳиятини одамларга тезкорлик ва холислик билан етказадиган, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига дадил кириб борадиган сиз, азизларга мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган беқиёс ҳиссангиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли дўстлар!

Бугунги кунда барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бормоқда. Биз бундай ёндашувни Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ҳамда миллий манфаатларимизга жавоб берадиган бу йўлни қатъий давом эттирамиз.

Шу сабабли оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш биз учун ҳамиша устувор вазифа бўлиб келмоқда.