Kun.uz мухбири бу борада мамлакатни кутаётган қийинчиликлар, соҳага янги технологияларни жалб қилиш ва умуман, сув муаммоларига мослашиш жараёнлари борасида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов билан интервью уюштирди.

— Олимларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё ва жумладан, Ўзбекистон ҳудудида сўнгги ўн йилликда оғир қурғоқчилик ҳукм сурмоқда. Бу бизнинг минтақа учун тез-тез такрорланиб турадиган ҳолатми, ёки тарихан олганда бундай қурғоқчиликлар қанча давом этиши мумкин?

— Ҳақиқатан ҳам ер шарида қурғоқчил минтақалар бор. Марказий Осиё минтақаси шундай ҳудудлардан бири. Бу жойларда қурғоқчилик даврий равишда такрорланиб туради. Тарихимизда қаттиқ қурғоқчилик бўлган йиллар маълум.

Мен охирги юз йилликдаги атмосфера ёғинлари маълумотларини таҳлил қилиб чиқдим ва унда маълум бўлдики, шу юз йилда қишлоқ хўжалиги ва умуман сувга бўлган талаб учун бор-йўғи 7 йилда етарлича ёмғир ёғган экан. Бу 100 фоиздан 7 фоиз дегани. Шу билан бирга, бу йилларда 8 йил жуда қаттиқ қурғоқчилик даври бўлган. Бу йилларда сув таъминоти 40 фоизгача пасайиб кетган.

Минтақамизнинг охирги 100 йиллик тарихидаги энг қаттиқ қурғоқчилик 1917 йилда рўй берган. Бунда инсоният, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси жиддий зарар кўрган.

1960 йилларгача бизда қурғоқчилик кам бўлган. Кузатишлардан маълумки, айнан шу йиллардан кейин қурғоқчилик ҳар 7-8 йилда бир марта такрорланадиган бўлиб қолди. 2000 йиллардан кейин эса бу давр янада тезлашди.

Шу ўринда яна бир гап, охирги юз йил ичида атмосфера ёғинларининг талабга нисбатан кўпроқ бўлиши бор-йўғи бир марта кузатилган. Бу 1969 йилга тўғри келади ва шу йили умумий кўрсаткичга нисбатан 150-160 фоиз сув бўлган.

Хўш, бу ниманинг оқибати? Бу ҳолат асосан иқлимнинг глобал исиши билан боғланяпти. Ҳозир бутун дунё олимлари, шунингдек, БМТ бу муаммо бўйича жиддий изланяпти.

Охирги 10-15 йилда қор ёғиши ҳам кескин камайиб кетди. Ёмғир эса жуда қисқа вақт ёғяпти. Ҳозир 2-3 суткали интенсив, майдалаб ёғадиган ёмғирлар қолмади ҳисоб. Бундай ёмғирлар айнан қишлоқ хўжалиги учун фойдали, тупроққа сингиши яхши бўлгани учун ҳам керак.

Ёмғир чала ёки жуда тез ёғиб ўтиб кетаётгани учун у тупроққа сингмаяпти. Буғланиш эса кўпайиб кетяпти.