Жамият | 18:45 / 30.06.2021
11476
3 дақиқада ўқилади

“Ноқонуний ҳаракат қилмаса, нимадан қўрқади?” — адвокат тергов органлари биноларига телефон билан киришга қўйилган тақиқ ҳақида

Kun.uz билан суҳбатда бўлган адвокат Раззоқ Алтиев адвокат фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судьяларнинг таъсири, хусусан, тергов органлари биноларига мобил қурилмалар билан киришга қўйилган тақиқ хусусида қуйидагича фикр билдирди:

“Адвокат ҳимоя ишини юритиш жараёнида алоҳида статусга эга ҳисобланади. Жиноят-процессуал қонунчилигида исботлаш субъектлари келтирилади. Шахснинг айбдор ёки айбдор эмаслигини исботлаши шарт бўлган субъектлар - бу суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судни ҳам қўшиб қўйишади”.

Унинг сўзларига кўра, барча ривожланган давлатларда суд исботлаш предметини амалга оширмайди, у холисликни таъминлайди холос.

“Биздаги муаммо нимада? Маълумки, жиноят ишини шакллантириш кўпроқ дастлабки тергов жараёнида амалга оширилади ва бу жараёнда адвокат фаол ҳимоя позициясини кўрсатади. Тергов органларида бўладиган айрим муносабатлар ўртада маълум бир зиддиятларни келтириб чиқаради. Шахснинг ҳуқуқлари чекланиши, бузилиши, адвокатнинг процессуал ваколатларини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган тўсқинликлар, менимча, кўпроқ тергов жараёнларида кўзга ташланади. Шу жумладан, адвокатларга ҳам ичкарида телефондан фойдаланишга рухсат берилмайди”, деди у.

Адвокатнинг таъкидлашича, қонунда бундай чеклов мавжуд эмас.

“Бу худди бино сизники ва унда ички тартиб қоидаларини ўрнатасиз-у, ходим бўлмаган шахсларга у ёки бу предметни олиб юришни тақиқлаб қўйишдек гап. Адвокатга ҳам тўғридан тўғри шу нарса татбиқ қилинади, ҳолбуки адвокатга қонун бўйича дахлсизлик ҳуқуқи берилган.

Илгари суд биносига ҳам электрон қурилмалар билан киролмасдик, кейинчалик бу жараён тартибга солинди ва бугунги кунда бу борада муаммо бўлмаяпти. Шу билан бирга телефон олиб кирилиши натижасида судьялар билан бирор низо юзага ҳам келмаяпти. Лекин тергов органларида шундай талаб қўйилган.

Телефон ёки шу каби электрон қурилма олиб кириб овоз ёзиб олиш ҳолатлари бўлиши мумкин, лекин улар ноқонуний ҳаракат қилмаса, нимадан қўрқади ёки нутқининг ёзиб олингани нимаси билан салбий таъсир қилиши мумкин? Ўзига ишонса, қонунга риоя қилса, ваколати доирасидан чиқмаса, овоз ёзиб олинди нимаю ёзиб олинмади нима – фарқи йўқ”, деди Раззоқ Алтиев.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид