Бугун, 29 июнь куни Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказида Ахборот хавфсизлиги бўйича МДҲ халқаро экспертлар форуми бўлиб ўтди.

Kun.uz форум доирасида масъуллардан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга қўшилган 27-1 модда борасида изоҳ сўради. Бу моддага асосан, ижтимоий тармоқлар олдига Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаш талаби қўйилмоқда.

“Шахсий ёзишмаларни Ўзбекистонга кўчириш шарт эмас”

Ғолибшер Зиёев, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Ўзкомназорат) бошлиғи:

— Албатта, қабул қилинган ҳар бир қонуннинг ижроси таъминланиши лозим. Бу қонун Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бугунги кунда бунга ҳам техник, ҳам қонуний асослар тўлиқ яратилган ва имкониятлар мавжуд.

Сервер дейилганда кўз олдимизга жуда катта комплекслар келади ва шу орқали буни жуда бўрттириб, муаммодек кўрамиз. Бироқ бугунги кунда ахборот технологияларини ривожлантириш йўналишида ваколатли органлар техник шароитлар яратиб беришга тайёр.

— Шахсга доир маълумотларга шахсий ёзишмалар ҳам кирадими ёки рўйхатдан ўтиш учун киритилган маълумотларми?

— Шахсга доир маълумотларга нималар кириши қонун билан белгиланган. Ёзишмалар – бошқа нарса.

“Фуқароларимизнинг ҳуқуқларини конституцион таъминлашга ҳаракат қиляпмиз”

Темур Аҳмедов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи:

— Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик нормалари бизда 2019 йилдан пайдо бўла бошлади, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Агар бу йўналишда ишлар давом эттириладиган бўлса, биз ташқаридан эмас, ички назоратни кучайтириш орқали фуқаролар ҳуқуқларини конституциявий кафолатлашимиз мумкин. Агар ташқарида бўлса, буни таъминлай олмаслигимиз эҳтимоли кўпроқ.