Навоий вилояти, Хатирчи тумани Тамабаҳрин маҳалласини “Абитуриентлар маҳалласи” деб ҳам аташади. Бу ерга ҳар йили туман, вилоятнинг турли ҳудудларидан, ҳатто бошқа вилоятлардан ОТМга кириш истагида бўлган абитуриентлар оқиб келади. Улар ўқув йили бошланишидан олдин ўзлари танлаган фанлар бўйича репетиторларнинг синовларидан ўтиб, дарсларга қатнай бошлайди.

Қисқача таърифласа, Бухоронинг Қоракўлидаги тайёрлов марказига ўхшаб кетади. Фақат бир фарқи Қоракўл ҳозир алоҳида мактаб сифатида эътироф этилади, Тамабаҳриндаги тайёрлов маркази эса ҳозирча бу таърифдан бебаҳра.

Ўқитувчиларнинг айтишича, маҳаллий абитуриентларни ҳисобламаганда маҳаллада йилига 3-4 минг атрофида абитуриент яшайди ва бу сон доимий ошиб боряпти. Шунча абитуриентнинг бир маҳаллада яшаши ҳудудда уларни ижарага қўядиган оилаларнинг ҳам, дўконлар ва овқатланиш шохобчаларининг ҳам даромади ошишига сабаб бўляпти.

Репетиторлар эса абитуриентлар назоратини маҳалла идораси ва участка нозирлари билан ҳамкорликда олиб боради.

Абитуриентлар аҳоли хонадонларига жойлаштирилиб, репетиторлар ва ота-оналар ҳамкорлигида назорат қилиб борилади. Ўғил болалар учун хонадон бекаси овқат пишириб беради (бу билан нарх сал қимматлашади).

Ўқувчилар қандай сараланади?

“Янги абитуриентларга август ойида, дастлаб, бирор мавзу бериб юборилади. Тайёргарлик кўриб келишгач ўша мавзу бўйича тест билан ва оғзаки тарзда имтиҳон қилинади. Абитуриентлар шу усулда саралангач, улар сентябрдан дарсга кела бошлайди. Натижаларни ота-оналарга доимий юбориб турамиз.

Абитуриентлар гуруҳларга ҳам билимига қараб жойлаштирилади”, дейди ҳудудда тарих фанидан репетиторлик қилаётган ўқитувчи Баҳодир Халилов.

Математика фани ўқитувчиси Юсуф Изомиддиновнинг айтишича, математикани ўқиш учун келган абитуриентлар биринчи навбатда бошланғич мавзуларни ўрганади, бир ойдан сўнг улар имтиҳон қилиниб, билимига қараб курсда олиб қолинади.