Айни пайтда Афғонистонда манфаатдор ва сиёсий гуруҳлар ўртасидаги ҳокимият учун кураш кучаймоқда. Толибларнинг ҳарбий жиҳатдан устунлиги, АҚШ томонидан таъминланган куч мувозанатини ўзгартириш учун аниқ имкониятларга эгалиги кўриниб қолди. Бу сиёсий вазиятнинг беқарорлашиши ва ҳарбий таҳдидлар ошишига сабаб бўлмоқда.
АҚШ қўшинларининг расмий равишда чиқиб кетиши Марказий Осиё ва афғон халқлари учун бир қанча салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
АҚШ ҳарбийларининг мамлакатда мавжудлиги афғон халқи учун нега муҳим эди?
Биринчидан, Қўшма Штатларнинг Афғонистондаги 20 йиллик фаолияти давомида таълим тизимига катта миқдорда инвестиция киритилди. Натижада аҳолининг маълум қисмига сифатли таълим олиш имконияти яратилди. Айнан шундай муқобил йўллар орқали жангарилар сафларини янги аъзолар билан тўлдиришни чеклаши мумкин эди. Шу пайтгача бу лойиҳаларнинг катта қисми Қўшма Штатлар молиявий имкониятлари асосида амалга оширилди.
Иккинчидан, Америка умумий ҳисобда Афғонистонни қайта қуриш ва мамлакатдаги тинчликни таъминлашга оид дастурларнинг ўзига 143 миллиард доллар сармоя киритди. Ажратилган маблағлар инфратузилмани яхшилаш, Афғонистон ҳукумати, афғон армияси, ички ишлар вазирлиги ва давлат миллий хавфсизлик хизматларини молиялаштириш учун ишлатилди. Ҳарбий ҳаракатлар жуда катта иқтисодий харажатларни талаб қилишини ҳисобга олсак, айни пайтгача расмий афғон ҳукуматининг тикланиши ва барқарор ҳолатда сақланишини айнан Қўшма Штатлар молиявий кўмаги таъминлаб турганди.
Учинчидан, бир қатор донорлар ва Жаҳон банки каби йирик халқаро ташкилотлар томонидан сўнгги 20 йил давомида Афғонистонга катта миқдордаги маблағлар ажратилди. Ташқи инвестициялар Афғонистон ЯИМга сезиларли таъсир кўрсатди ва бу кўрсаткич бир неча баробар ортди.
АҚШнинг мамлакатда мавжудлиги ҳам самарали бошқарув, соғлом сиёсий муҳит ва барқарор хавфсизликни таъминлай олмаган бўлса-да, кўплаб мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар айнан АҚШ мавжудлиги туфайли Афғонистонга сармоя киритди. Уларнинг расмий афғон ҳукуматига нисбатан ишончи жуда ҳам паст. Қўшма Штатларнинг чиқиб кетиши билан бошқа донор мамлакатлар ва молиявий халқаро ташкилотларнинг ҳам иқтисодий кўмаги ўз-ўзидан кескин даражада камаяди.
Тўртинчидан, сўнгги бир йил ичида шаклланган фуқаролик жамияти фаоллари ва зиёлиларнинг мамлакатни тарк этишга бўлган интилиши кучайди. Бунга юзага келган сиёсий беқарорликнинг кундан кунга ортиши сабаб бўлмоқда. Мамлакатдаги таълим кўрган қатламнинг чиқиб кетиши эса тинчлик жараёнлари тикланишини янада қийинлаштиради. Шунингдек, афғон қишлоқларидаги маҳаллий аҳоли кичик ҳарбий гуруҳларга бирикиб, «Толибон»га қарши жанг қилишни бошлади. Маҳаллий аҳолининг Кобулдаги ҳукумат кучларига нисбатан ишончи кундан кунга йўқолиб бормоқда.
















