“Деҳқонга бошлиқ керакмас, уни тинч қўйишса бас”
Узоқ йиллик тажрибага эга деҳқон, Тошкент вилояти Янгийўл туманида фаолият юритувчи Турсунали Аманов қишлоқ хўжалиги соҳасининг бугунги ҳолати ҳақидаги фикрларини Kun.uz билан ўртоқлашди.
— 2005—2006 йиллар Назарали Ниёзов номли колхозда пилла бригадири, пахта бригадири бўлиб ишлаб юрдим, – дея ўз ҳикоясини бошлайди у.
Ўзимизнинг Ниёзов номли колхозимизни бўлиб, фермерликка тарқатишаётган пайтда 3 гектар 40 сотих ерни олганман. Келажакда шу ерга эга бўлсам, мендан кейин фарзандларим ҳам шу ерга эга бўлса деган мақсадда бошлаганмиз. Ҳозирги кунда 7,5 гектар ерим бор, 3 оила бирга ишлаяпмиз.
Ҳақиқатан ҳам агар ернинг ўз эгаси бўлса, ерни деҳқоннинг ўзига берадиган бўлсангиз, деҳқон ишларни ўзи учун ўзи қилади. Деҳқон қадимдан ўзи учун ўзи ишлаган. Ҳозирги кунда деҳқонларимизнинг устида кўрсатма берувчилар кўп.
Агар ҳар бир деҳқонга оиласига қараб 3 гектардан 5 гектаргача ер берилса, ўзи бола чақаси билан қиладиган бўлса, сув муаммоси ҳам ҳал бўлади, чунки деҳқоннинг ўзи томчилаб суғоришни йўлга қўяди. Ҳозир 200 гектар, 500 гектар, 1000 гектар ери борлар бор. Ўша одамлар ерининг бир чеккасига бориб кўрганми? Йўқ, ернинг ичига киргани ҳам йўқ ҳали.
Деҳқоннинг қўли қадоқ бўлади, ўртоқлар, деҳқоннинг қўли қадоқ бўлади. Деҳқоннинг пешонасида қора чизиғи бўлади. Айтмоқчи бўлаётган нарсам – ернинг ҳақиқий эгаси бўлса. Ҳозир эса, келади: “Эй, бугун нима экдинг? Йўқ, буни экмайсан, мана буни экасан”.
Деҳқонга ерни бердингларми, ўзига қўйиб бериш керак-да! Ўзи қилсин!
Мендан маҳсулот қанча кўп чиқса, мен ердан қанча кўп фойда олсам, ўзимга яхши-ку! Мен ўзим учун ишлайман, мен ҳеч қачон ҳоким учун, ёки “началник мелиса” учун, ё прокурор учун, ё солиқ инспекцияси учун ишламайман. Ўзим учун, бола-чақам учун ишлайман. Деҳқоннинг устига келиб олиб: “Сен бугун мажлисга бор, мажлисга бормасанг, ерингни оламан... мана бу экинни экмасанг, бундай бўласан” дейиш билан деҳқоннинг бири икки бўлмайди ахир!
Фермерлар кенгаши деган бир қанақадир отряд бор, у умуман деҳқонга ёрдам бермайдиган ташкилот. Ишимни 2006 йилдан бошлаган бўлсам, бирор марта ҳол сўрамаган, РАПО ёки замҳоким келиб, эй дардинг нима бўляпти, нима экмоқчи эдинг, нега экмадинг шу нарсани, нимадан ёрдам берай демади.
Агар ерларни қисқартирсак, ҳақиқий деҳқоннинг ўзига берсак, деҳқон ўзи билади нима қилишни: “Бу ерни суғориш керак, бу ерни култивация қилиш керак, бу ерни чопиш керак, бу ерни чопгунимча, мана бу ер дам олиб турсин, бу ерни сув босмасин...”
Ўзимга қўядиган бўлишса, халақит қилишмаса, томчилаб суғоришниям ўзим йўлга қўяман. Лекин ҳозирги кунда, мана бундай туришда ҳал бўлмайди – деҳқоннинг устида хўжайинлар кўп, ишлар тўғри йўлга қўйилмаган.
Агар деҳқоннинг ўзига қўйсангиз, керакли нарсани экади. 20 сотихга болгарский, 10 сотих помидор, 20 сотихига ошқовоқ, картошка, сабзи – керагини экади.
Ишлар ўзимизга қўйиб берилса, чорвачилик қиламиз, паррандачилик қиламиз, асалари қиламиз, қуёнчилик қиламиз, қўйчилик қиламиз. 3 йилдан бери, 2018-2020 йиллари 15 сотих ерга иссиқхона қилай, рухсат беринглар, оғайнилар, болаларим ёзда ишлаяпти, қишда ҳам бекор ўтирмасин, бирон-бир маҳсулот етиштирайлик, десам, рухсат беришмади. Ҳа, нимага? Суғориладиган ерда мумкин эмасмиш.
Оғайнилар, кечирасизлар-у, қурилаётган завод-фабрика, “газ заправкалар” суғориладиган ерга қуриляпти-ку? Нимага энди бизга мумкин эмас шу 10–15 сотих теплица?
Агар бизда чорва, парранда, асалари, қуёнчилик бўлса, биздек бой одам бўладими? Камбағаллик нима қилар эди бизда? Деҳқонда камбағал деган гап бўлмайди, агарда унинг тепасида турволишмаса.
Деҳқонга эркинлик керак. Бу йил битта мол олади, кейин у иккита бўлади. Иккита қўй олади, тўртта бўлади. Асаларининг битта яшигини олсам, янаги йилга бешта бўлади. Ўзим қилиб оламан шу нарсаларни, ўзим. Ялиниб, менга кредит бер, фалон банк билан шартнома қиламан, демайди деҳқон.
Деҳқоннинг орзуси нима ҳам бўлар эди? Фарзандлари бахтини кўрса, фарзандларини ўқимишли қила олса. Эл-юрт ичида обрўйи бўлса, соғ бўлса. Ана шунда деҳқон ўзини бахтиёр деб ҳисоблайди.
Мен бахтиёр одамман. Нега десангиз юртим тинч, хонадоним осойишта, фарзандларим мана олдимда. Юртимиз бундан-да ривожланиб кетиши керак. Чет давлатдан келган одамлар Ўзбекистонни кўриб ҳавас қилишса!
Ўзбекистон обод бўлиши учун ҳозирги кунда ҳамма шароит бор. Бир пайтлар “обком”, “райком” партия деганлари бўлар эди, олдидан ўтиб бўлмас эди. Лекин ҳозир ҳам эски тузумни қўмсаб яшаётганлар бор. Агар мана шулардан сафимиз тозаланса, келажагимиз зўр бўлади. Ҳамма ҳавас қиладиган юрт бўлади.
“Менга тегмаяпти-ку” деган шиор билан яшамаслик керак. Ундай бўлиши керак эмас.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Тасвирчилар – Отахон Юсупов, Муҳаммаджон Ғаниев.
Мавзуга оид
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
14:06 / 12.12.2024