Рақамларга мурожаат қилсак, 2017 йилда минтақанинг ялпи ички маҳсулоти 253 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига келиб, пандемия бўлишига қарамай, бу кўрсаткич 300 миллиард долларга етди. Минтақа давлатларининг хорижий мамлакатлар билан савдо айланмаси ҳам 2020 йилда 168 миллиард долларга етиб, 56 фоизга ошди.
Юртимизда ва минтақамизда эришилаётган бундай муҳим натижалар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани қувонарлидир. Қолаверса, ташқи сиёсат соҳасидаги дадил қадамлар туфайли Ўзбекистонга халқаро ҳамжамиятнинг ҳурмат-эътибори ошди. Шу билан бирга, Марказий Осиё якдил минтақа сифатида баҳоланишига эришилди.
Тарихга назар
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгандан сўнг минтақада турли интеграция лойиҳалари яратилган. Улар сирасига Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти, Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти, Марказий Осиё иттифоқи ташкил этилишини киритиш мумкин. Бир қатор омиллар сабаб уларнинг фаолияти узоқ давом этмади. Аммо минтақавий ҳамкорликка тўсқинлик қилувчи ушбу сабаблар вақтинчалик эди. Зеро, минтақа халқларининг тарихий илдизлари, маданияти, дин ва тил уйғунлиги, шунингдек, умуминсоний қадриятларга содиқлик пайдо бўлаётган муаммоларга биргаликда жавоб бериш, уларга самарали ечим топиш йўлларини излаш ва тараққиёт йўлида биргаликда интилиш учун замин яратмоқда.
Гарчи, бугунги кунда ҳар бир давлат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни ҳамда турли ташқи сиёсий ва иқтисодий устувор йўналишларни мустақил равишда танлаган бўлса-да, минтақа давлатларининг барчасини кўп асрлик савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт ва энергетика коммуникацияларининг ривожланаётган тармоғи, шунингдек, хавфсизликка таҳдид ва хатарларни бартараф этишга интилиш истаги бирлаштиради. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасида янада қулай ва самарали ҳамкорлик учун барча зарур шарт-шароит мавжуд.
Минтақавий ҳамкорликка кўмаклашувчи асосий омиллар
Жаҳон савдо йўллари чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё қадимдан маданиятлар ва цивилизацияларнинг ўзаро таъсири жараёнида муҳим ўринга эга бўлган. Буюк ипак йўли (милоддан аввалги II аср — милодий XV аср) халқаро транспорт алоқа йўли сифатида нафақат Осиё ва Европа савдо йўналишлари, балки қитъалар ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ахборот-цивилизация мулоқотини ҳам таъминлаган, янги технологиялар ва янгиликлар тарқалишида ўзига хос чорраҳа вазифасини ўтаб, қишлоқ хўжалиги экинлари, агротехнологиялар, цивилизациялараро ва технологик алмашинув, шунингдек, маданий қадриятлар учун ҳам қулай шароитларни юзага келтирган.
Транспорт-инфратузилмавий коммуникацияларни такомиллаштириш ва Марказий Осиёга халқаро транзит юк ташувчиларни жалб этиш минтақа давлатларини бирлаштирувчи энг муҳим вазифалардан биридир. Уни ҳал этиш минтақадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш зарурати билан белгиланади.















