Kun.uz сайтида хоразмча рейдерлик ҳақида эълон қилинган видеолавҳада Урганч туманида ИИБ ходимлари ва бошқа идораларнинг вакиллари ҳокимнинг топшириғига кўра фуқаронинг 30 тонна буғдойини тортиб олгани, фуқаролар эса ўз навбатида хусусий мулкини ҳимоя қилиш мақсадида уларга қаршилик қилгани акс этганди.

Шундан сўнг Хоразм вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан айни пайтда туман ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, ИИБ ходимлари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Урганч тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани, вилоят ИИБ томонидан видеотасвирдаги ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.

Адлия вазирлиги ҳам жойларда фермерларнинг ортиқча буғдойи тортиб олинаётганига муносабат билдириб, бу ишлар амалдаги қонунларга зид экани, бунинг учун жавобгарлик борлигини эслатган эди.

Бироқ Ислом Ражабовнинг турмуш ўртоғи Гулхумор Назарова таҳририятга мурожаат қилиб, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, амалда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаётгани, бўлаётган босимлардан сўнг инсульт бўлиб қолганини маълум қилди.

Жабрланувчи ўз видеомурожаатида Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга мурожаат қилиб, қонунбузарларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.

«