Uzbeklife чет элдаги ҳамюртларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Чехия пойтахти Прага шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланаётган Баҳодир Кучаков бўлди.

Суҳбат Чехиядаги ҳаёт, бизнес юритиш ва янги мақсадлар ҳақида кечди.

Ҳаётда муваффақиятга эришиш учун дипломли бўлиш шарт эмас

Наманган вилоятида туғилганман. Ҳозирда Чехияда тадбиркорлик билан шуғулланаман. Олий маълумотли эмасман, лекин мактабни аъло баҳоларга тамомлаганман. Университетда ўқимоқчи бўлиб ҳужжат топширдим, лекин кира олмадим. Ҳозир ўқимаганимга афсусланмайман. Сабаби кичик бўлса-да ўз бизнесимга эгаман. Ҳаётда муваффақиятга эришиш учун олий маълумот шарт эмас, деб ўйлайман. Юртимизда ҳам бизнес билан шуғулланганман. Отам кичикликдан мақсадни катта қўйишни ўргатган. Ва мен олдимга катта мақсадлар қўйганман.

Сармоя ва яхши бизнес ғоя бўлиши керак

Болалигимдан дунё кезиш орзум эди. Шу сабабли беш йил олдин, танишим берган таклиф билан Чехияга келдим. Бошида бироз қийналдим. Лекин тезда мослашиб кетдим. Чехияда яшаш шароити анча яхши. Мен дастлаб Чехияга иш визаси билан 2 йилга келганман. Ҳар ой давлатга 250 доллар атрофида солиқ тўлар эдим. Солиқ ичига тиббий суғурта ҳам кириб кетади. Бизга суғурта картаси беришади. Касал бўлганингизда касалхонага бориб бемалол бепул даволансангиз бўлади. Тиббиёт тизими яхши ривожланган. Шу билан бирга, бирор жойда тадбиркорлик қилмоқчи бўлсангиз, сиздан алоҳида солиқ олмайди. Тадбиркорлик солиғи ҳам шу 250 доллар ичига кириб кетади. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлганларга давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Сармоя ва яхши бизнес ғоя бўлса, давлат сизга бизнесингизни юритишда ёрдамини аямайди.

Бу ерда шахсий машинани эмас, жамоат транспортини афзал кўришади

Ҳозирда Прага шаҳрида истиқомат қиламан. Прага тарихий шаҳар. Жуда тартибли ва озода. Чехияда туғилиш кам бўлгани учун четдан ишчи кучига эҳтиёж сезади. Биз бу ерларда яшашни орзу қилсак, маҳаллий аҳоли Германия, Францияга кетишни хоҳлайди. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари ойликка нисбатан арзон. Давлат назоратда ушлаб туради. Бирданига нархлар ошиб кетмайди. Пойтахтда жамоат транспорти аъло даражада. Метро, трамвай ва автобус ҳаракати тизимли йўлга қўйилган. Узоқ вақт кутиб қолмайсиз. Тизим шундай ишлаб чиқилганки, шаҳарнинг исталган бурчагига жамоат транспортида етиб олиш мумкин. Одамлар шахсий машиналардан кўра жамоат транспортини афзал кўради. Бунга сабаб арзонлиги, қулайлиги ва тартибли ҳаракати деб ўйлайман. Шахсий машинам бор, лекин метро ёки трамвайда юришни яхши кўраман. Йўл ҳаракатига ҳам амал қилиш аъло даражада. Одамлар кўчада машина бўлмаса ҳам қизил чироқ ёнса, кутиб туришади. Ҳайдовчилар ҳам бир-бирига хушмуомала.