“Очиқ бюджет” портали нима учун керак?

Кунлик маҳаллий хабарларнинг аксарияти туман ва шаҳарларда учраётган ижтимоий-иқтисодий муаммо ва камчиликлар билан боғлиқ: йўл, сув, электр, таъмирга муҳтож объектлар ва ҳоказо.

Мутасаддилар ҳар бир маҳаллага эътибор бера олмагани ёки бюджет пуллари ҳисобли бўлгани сабабли мамлакатда кўплаб муаммолар ечилмай келади. Аммо маълум платформа орқали одамлар дарди эшитилса, улар учун оғир масала зарурлик даражасига қараб ечим топса, бу яхши. Айниқса, маҳаллий бюджетнинг бир қисми фуқаролар истагига кўра ишлатилса, кўпчиликка енгиллик яратилиши мумкин.

Молия вазирлиги “Очиқ бюджет” порталининг (www.openbudget.uz/) ташкил этилишидан мақсад бевосита фуқаролар ташаббус ва талабларини инобатга олган ҳолда камчиликларни бартараф этиш эканини урғулайди.

Бу тизим ҳақида маълумот бериларкан, фуқаролар истиқомат қиладиган туман ёки шаҳарда айнан уларни қийнаб келаётган, ечими маблағ билан боғлиқ муаммолар ҳал этилишида кўмакчи порталлиги таъкидланяпти.

Ташаббус билдиринг ва ташаббусларга овоз беринг

Ташаббусли бюджет жараёнида иштирок этган ҳолда ҳудуд аҳли ўз таклифларини билдириши ёки эҳтиёжларини акс эттирган бошқа таклифларга овоз бериши мумкин. Бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.

Иштирокчи порталда рўйхатдан ўтгач, бир неча йўналишлардаги масалаларда таклиф ва талабларини қолдира олади.

Масалан, ҳудуддаги ичимлик суви таъминоти, ёритиш тизими билан боғлиқ камчиликлар, яроқсиз ҳолатга келиб қолган ички йўллар ёки ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда моддий-техник базасини яхшилаш бўйича таклиф киритиш имкони бор.

Битта туман ёки шаҳарга қанча пул ажратилади?

“Очиқ бюджет” портали 2018 йилдаги президент қарори билан ташкил этилган бўлиб, шу пайтга қадар ҳар бир туман ёки шаҳарга ҳудуд аҳолиси таклиф қилган муаммолар ечими учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадларидан 10 фоиз миқдорида маблағ ажратилган.