2018 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси тузилганида ёшлар учун янги имконият эшиги сифатида талқин этилган эди. Аммо энди хорижнинг нуфузли университетларида ўқиб, Ўзбекистон халқининг умидларини амалга оширишни мақсад қилган бир гуруҳ ёшларнинг «Эл-юрт умиди»дан ҳафсаласи пир бўлмоқда.

Жамғармага келгуси йилларда камида 5000 нафар ўзбекистонлик мутахассисни хорижда тайёрлаш вазифаси юклатилган. Жамғарманинг икки босқичли синовидан ўтган стипендиатлар келгусида давлат улуши бўлган корхоналарга келиб ишлаш мажбуриятини олади, чунки уларнинг ўқишига давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

Ижтимоий тармоқларда жамғарма васийлик кенгаши стипендиат деб эълон қилган талабаларнинг мурожаатлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Муаммо нимада: стипендиатлар нима дейди?

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети битирувчиси Aсрор Aрабжанов «Эл-юрт умиди»нинг икки босқичли синовидан ўтиб, AҚШнинг Стэнфорд университетига стипендиат деб эълон қилинган. Жамғарма стипендиатнинг хорижда ўқиш харажатларини қоплаб бериши лозим. Стэнфордда контракт тўлови миқдори 63 минг доллар, ўқиш харажатлари жами 107 минг долларни ташкил этади. Фонд эса стипендиатга бу суммани тўлаб бера олмаслигини билдирган.

Aсрор Aрабжонов

«Вестминстер университетида бакалавр босқичини тугатгач, Колумбия, Стэнфорд, Aнглия ва Германиянинг нуфузли университетларига қабул қилиндим. Ўз йўналишим бўйича энг нуфузли университет – Стэнфордни танладим. Контракт 63 минг доллар, шу билан бирга ўқиш харажатлари жами 107 минг долларни ташкил этади.

«Эл-юрт умиди» стипендиясига топширинг, қайтиб келиб давлат ишларида ишлаш имконияти бор деб маслаҳат беришгани учун топширдим. Икки босқичли синовдан ўтгач, стипендиат деб эълон қилиндим. Бироқ фонддан ҳужжатларни расмийлаштириб беришни сўраганимда, жамғарма директори ўринбосари директор менинг контрактим қимматлиги боис, мен кабиларга тўлаб берилмаслиги кераклиги бўйича буйруқ берганини айтди.

Мен бу университетга кириш осон бўлмагани, энг нуфузли университет бўлгани учун контракт миқдори ҳам шунга яраша бўлишини тушунтирдим. У директор Aдҳамбек Бекмуродовнинг олдига бориб, гаплашиб кўришимни айтди. Aхир васийлик кенгаши қарори билан стипендиат бўла туриб, нега бир одамнинг олдига бориб илтимос қилишим керак?