Жамият | 15:02 / 15.07.2021
2590
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Хоразм вилоятлари июнь ойида «иномарка»лар энг кўп сотилган ҳудудлар бўлди

2021 йилнинг июнь ойида республикада 1 минг 171та чет элда ишлаб чиқарилган автомобиль рўйхатга олинган. Улар Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида энг кўп сотилган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, жорий йилнинг январь–июнь ойларида автомобиль бозорида машиналарга бўлган талаб ортди.

Автомобиль бозорида талабнинг ўзгариши

«2021 йилнинг июнь ойида автомобиль бозорида аҳолининг талаби жорий йилнинг май ойига нисбатан 13,7 фоизга ошиб, мўътадил ўсишни кўрсатди», дея қайд этади мутахассис.

Манбага кўра, мазкур даврда автомобиллар савдосининг ўсиши 2020 йилнинг июнь ойига нисбатан 12,9 фоизни, 2019 йилнинг шу пайтига қараганда 29,6 фоизни ташкил этди.

Ўтган 6 ой давомида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони барча вилоятларда (Сирдарё вилоятидан ташқари) юқори суръатларда ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Наманган (22,6 фоиз), Навоий (20,9 фоиз), Самарқанд (18,8 фоиз), Фарғона (16,2 фоиз) ва Тошкент (16,4 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Мазкур даврда автокредитлар ҳажми 10 фоизга ошиши рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сонининг 4 фоизга кўпайишига олиб келди. Хусусан, январь–май ойларида республика бўйича аҳолига 2,67 трлн сўмлик автокредитлар берилган. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 40,5 фоизга кўп.

Нечта янги автомобиль рўйхатга олинди?

2021 йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда 18 минг 900та янги автомобиль рўйхатга олинди. Улардан 1 минг 171 таси (6,2 фоизи) чет элда ишлаб чиқарилган.

Хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри (янги автомобилларнинг 11,8 фоиз), Тошкент (5,7 фоиз), Самарқанд (3 фоиз) ва Хоразм (2,4 фоиз) вилоятлари бўлди.

Ўрганишларга кўра, 2020 йили республикада карантиннинг энг оғир босқичи апрель ойига тўғри келди ва бу автотранспорт воситалари савдосининг 73,8 фоиз пасайишига сабаб бўлди. Бироқ июнь ойида автосалонлар яна иш бошлади ва йилнинг иккинчи ярмида бозорда ўсиш кузатилди.

Аввалроқ, март ойида автомобиль бозорида аҳоли талаби феврал ойига нисбатан 7,7 фоизга ошиб, барқарор ўсиш суръатларини кўрсатгани хабар қилинганди