– Ойбек ака, Ўзбекистон 2016 йилги Риода ўтган ёзги Олимпиадада тарихдаги энг яхши натижасини қайд этди. Бирдан бундай ўсишга қандай эришилди? Бу сафар ҳам юқори натижалар кутсак бўладими?

– 2012 йилги Лондон олимпиадасидаги муваффақиятсиз иштирок таҳлил қилинди. Бразилиядаги олимпиада учун дастур ишлаб чиқилди. Ҳар бир спорт турига молиявий маблағ ажратилди, ҳомийлар бириктирилди. Муносиб тайёргарлик кўрилди. Натижада Ўзбекистон энг яхши натижасини қайд этиб, 13 та медал билан умумжамоа ҳисобида 21-ўринни қўлга киритди.

Риода фақат яккакурашларда медаллар қўлга киритгандик. Шу сабабли Токио олимпиадасигача спорт географиясини кенгайтиришни мақсад қилдик. Бу сафар 71 та йўлланма қўлга киритилди, аёл лицензиатлар (30 нафар) сони борасида ўсишга эришилди. Риодаги турнир билан таққосласак, бу олимпиадада биринчи маротаба замонавий бешкурашдан вакилларимиз қатнашади. Таэквондочилар илк бор тўлиқ таркибда иштирок этишади, дзюдодан 11 та йўлланмага эга чиқдик. Лекин енгил атлетика ва жамоавий спорт турларида кўзланган мақсадга эриша олмадик. Шу ўринда паралимпияга 55 та йўлланма қўлга киритганимизни ҳам таъкидлашни истардим. Бу – энг яхши натижамиз.

– Қўмита биносига киришда олимпиада учун ишлаб чиқилган либосларни кўрдик. Улар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Либос дизайни борасида махсус танлов эълон қилдик. Аввал либосларимиз оқ-кўк рангларда бўларди, бу сафар оқ-яшил ранглардан ва миллий нақшлардан фойдаландик. Уларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тақдим этган.

 

– Боксчи, дзюдочи ва таэквондочилар кунчиқар юртга етиб боришди. Қолган спорт турларидаги атлетлар Японияга қачон учишади?

– Иқлимга мослашишдан келиб чиқдик. Биласиз, Токио иқлим ва вақт жиҳатидан (4 соатга) биздан фарқ қилади. Мутахассислар билан гаплашганимизда, мослашиш учун 4-5 кун керак бўлишини айтишди. Шунинг учун ҳар бир спорт тури учун мусобақалар санасига қараб индивидуал тарзда жадвал ишлаб чиқдик. Масалан, кураш мусобақалари кейинроқ бўлади. Шунинг учун уларни олдиндан олиб боришга эҳтиёж йўқ. Асосий делегациямиз эса 19 июл куни махсус рейс билан учиб боради.