Гап Қандаҳордан узоқ бўлмаган масофада жойлашган Спин-Болдак назорат-ўтказув пункти ҳақида кетмоқда. Ижтимоий тармоқларда ушбу пост устида оқ байроқ кўтарилгани ҳамда толиблар чегарачилар билан гаплашаётгани акс этган видеоролик тарқалди. Аммо BBC бу видео ҳақиқийлигини тасдиқлай олмаган.

Покистонлик амалдорлар ҳам ушбу пост толиблар қўлига ўтганини тасдиқлаган. Покистон томондаги одамлар ва журналистлар чегарадан ўтказилмаяпти. Ушбу мамлакат ҳукумати шошилинч йиғилиш чақирган.

Бошқа томондан, Афғонистон ИИВ вакили Тариқ Ариан «Франс пресс» агентлиги мухбири билан суҳбатда чегарада «қандайдир ҳаракатлар бўлгани», аммо афғон ҳарбийлари ҳужумни қайтаришганини маълум қилган.

«Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Қандаҳор вилоятидаги Веш қишлоғи ҳам ҳаракат назоратига ўтганини маълум қилган. Бу қишлоқ Спин-Болдак пости орқали ўтказиладиган юк машиналари хавфсизлигини таъминлайди.

BBC манбасининг айтишича, толиблар чегара постини жангсиз эгаллашга муваффақ бўлишган, аммо афғон ҳукумати бу пост устидан назоратни сақлаб қолаётганини айтмоқда. Кейинроқ толиблар Спин-Болдак округи маркази ва Қандаҳор вилояти полицияси штаб-квартираси ҳам эгалланганини маълум қилишди. Аммо бу маълумотларни ҳам мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.

BBC корреспонденти Лиз Дюсетнинг баҳолашича, Спин-Болдак назорат-ўтказув пункти толиблар қўлига ўтган бўлса, бу улар учун ҳам стратегик, ҳам рамзий нуқтайи назардан ютуқ ҳисобланади. Бу пункт орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо маҳсулотларининг катта қисми ўтказилади, «Толибон» эса катта миқдорда бож тўловларини ўзиники қилиши мумкин. Спин-Болдак орқали ўтган йўл Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятини Покистондаги портлар билан боғлайди. Афғонистон тўғридан тўғри денгизга туташмаган.

Бундан ташқари, чегара устидан назорат ўрнатилиши «Толибон»га Покистонга тўғридан тўғри йўл очади, ҳаракат аъзолари кўп йиллардан буён Покистоннинг чегарага яқин ҳудудларида жойлашган.

Сўнгги ҳафта давомида «Толибон» жангчилари чегарадаги бир қанча пунктларни эгаллаб олишди, Эрон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегара постлари шулар жумласидан. «Толибон» даромад кўра бошлади», дейди афғон савдо палатаси раиси Шафиқулло Отоий. Шу билан бирга, чегара пунктлари назорати орқали ҳаракат айнан қанча миқдорда пулга эга бўлаётганини аниқ айтиш имконсиз.

Афғонистондаги вазият
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти қарорига кўра, 11 сентябргача америкалик ҳарбийлар Афғонистонни бутунлай тарк этиши керак. Байденнинг шу ҳақдаги баёнотидан кейиноқ толиблар бутун мамлакат бўйлаб юриш бошлашди.