Фото: AFP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейсус дунё коронавирус пандемиясининг учинчи тўлқини бошланиш босқичидатурганини маълум қилди.

«Дунёда Covid-19 билан касалланишнинг сўнгги ўсишидан сўнг Европа ва Шимолий Американинг ўз фуқароларини эмлаш бўйича ҳаракатлари натижа бера бошлаганди, касалланиш ва ўлим ҳолатлари маълум муддат пасайган. Афсуски, ҳозир бу тенденция ўзгарди ва биз Covid-19 пандемияси учинчи тўлқинининг дастлабки босқичида турибмиз», деди у ЖССТнинг фавқулодда ҳолатлар бўйича қўмитаси йиғилиши иштирокчилари қаршисида.

ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, бир ойдан буён дунё бўйлаб касалланиш сони ўсиши кузатилмоқда. Шунингдек, 10 ҳафталик пасайишдан сўнг вирус қурбонлари сони яна ўса бошлади.

Бундай ўсишга асосий туртки коронавируснинг «Дельта»(«ҳиндча») штамми тарқалиши экани айтилди.

«Айни вақтда «Дельта» штамми дунёнинг камида 111 мамлакатида тарқалган, у тез орада Covid-19’нинг бутун дунёда айланиб юрадиган устувор штаммига айланиши кутилмоқда», дейди Гебрейесус.

Ташкилот раҳбари вакциналарнинг мамлакатларга нотекис тақсимланишига эътибор қаратган ва буни «шокка туширувчи номутаносиблик» деб атаган. Шу сабабли дунёнинг турли бурчакларида пандемия икки хил йўл билан ривожланаётгани, вакциналарга эга бўлган мамлакатлар чекловларни бекор қилаётгани, аммо эмланмаган гуруҳлар катта хавф остидалиги, вакцина олиш қийин бўлган мамлакатларда эса аҳолининг аксарияти инфекцияга қарши ҳимоясиз бўлиб қолаётгани таъкидланган.

У Covax глобал механизми доирасида 100 миллион дозадан ортиқ вакцина етказиб берилгани, аммо бу камлик қилишини қўшимча қилган, сентябрга қадар ҳар бир мамлакат аҳолисининг камида 10 фоизини, шу йил охиригача камида 40 фоизини ва келаси йилнинг ўрталарига қадар камида 70 фоизини оммавий эмлаш учун 11 миллиард доза вакцина керак бўлишини қўшимча қилган.

Австралиядаги локдаунлар
Австралиянинг Виктория штати ва унинг маркази Мельбурнда пайшанба куни кечқурундан локдаун бошланмоқда, бу ҳисоб бўйича ушбу штатда бешинчи марта қатъий карантин жорий этилиши бўлади. Чоршанба куни Сиднейда ҳам чекловлар яна икки ҳафтага узайтирилганди.