



Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси президенти, Покистон Ислом Республикаси бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44та мамлакат ва 30га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.






Конференцияни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев очиб, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.

Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ҳамда Ҳинд-ганг йўли орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк хоқонлиги, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир.
Президент тарихий вазият тақозоси билан ўн тўққизинчи асрда икки қўшни минтақанинг алоқалари узилиб қолганини таъкидлади.
«Ўзаро зиддиятлар кучайиб, кескин можароларга айланиши туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўсиқлар пайдо бўлиб, чегаралар ёпилди. Ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даври тугаб, унинг ўрнини қарама-қаршилик ҳамда ишончсизлик муҳити эгаллади.





















