Тошкентда давом этаётган халқаро конференцияда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли мамлакатларни қадимий Буюк ипак йўли бўйлаб транспорт коридорларини қайта тиклаш орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришга чақирди.

Човушўғли ҳудуддаги хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш самарали эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у турк ҳарбийлари коалиция кучлари Афғонистондан чиқиб кетгач ҳам қолишига урғу бериб ўтди.

«Туркия Афғонистон, Озарбойжон, Грузия, Эрон ва Покистон иштирокида уч томонлама мулоқот механизмини олға суриб, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга интилади. Расмий Анқара биродар афғон халқи манфаатлари учун Кобулдаги халқаро аэропортнинг хавфсизлигини таъминлаш ва бошқариш тайёр», деди Туркия ташқи ишлар вазири.

Шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазири конференция доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан, Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод билан, Афғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва бошқа кўплаб хорижий давлатлар расмийлари билан учрашди.

Туркия «Толибон»нинг қатъий огоҳлантиришини қандай «ўқиди». Турк ҳарбийлари Афғонистонда нима учун қолмоқда?

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи охирларида АҚШ ва Туркия президентлари Жо Байден ва Ражаб Тоййиб Эрдўған НАТОнинг Афғонистондаги миссияси якунланганидан сўнг турк ҳарбийлари Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаши бўйича келишувга эришганди.