16 июл куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини такомиллаштиришга доир президент қарори имзоланди.

Қарорга асосан, Ислом цивилизацияси маркази:

  • «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» ғоясини кенг тарғиб қилувчи;
  • мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи;
  • моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий масканга айлантирилади.

Қуйидагилар марказнинг янгиланган асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш;
  • Ўзбекистонда юз берган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича зарур чораларни кўриш;
  • буюк аждодларнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссасини энг замонавий усуллар ва воситалар орқали ёритиб бориш;
  • ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган, миллийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунлик моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган медиа маҳсулотлар, илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш;
  • зиёрат туризмининг илмий асослари бўйича етарли назарий билим ва амалий кўникмаларга эга гид-таржимонларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини тизимли ошириб боришни таъминлаш;
  • илм-фаннинг жадал тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун экспонатлар фонди, қўлёзма ва замонавий нашрлардан иборат бой кутубхоналар тизимини шакллантириш ҳамда уларнинг жаҳон музейлари ва кутубхоналари тармоғига уланишини таъминлаш;
  • Ўзбекистон халқининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси бўйича фундаментал тадқиқотлар дастурлари ва илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш;
  • ислом цивилизациясини тадқиқ этиш соҳасининг долзарб илмий-назарий ва услубий масалаларига бағишланган конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни доимий ташкил этиб бориш;