Ўзбекистонлик аскарлар ва зобитлар қўшни ҳудуддан жангариларнинг кириб келиш эҳтимоли бўйича Тожикистон ва Россия ҳарбийлари билан биргаликда тожик-афғон чегарасини ҳимоя қилиш бўйича машқ ўтказади.

Жорий йил 1 августдан 10 августгача Тожикистоннинг Афғонистон билан Хатлон йўналишидаги чегарасида Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия қуролли кучларининг кенг кўламли қўшма ҳарбий машқлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Азия-Плюс» Тожикистон ҳукуматининг хавфсизлик блокидаги манбага асосан хабар қилмоқда.

Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг қўшма аксилтеррор машқлари Афғонистон билан чегарада жойлашган «Ҳарбмайдон» ҳарбий полигонида ўтказилади.

Машқларда ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари, зирҳли транспорт воситалари ва учта давлатнинг махсус кучлари иштирок этади. 

“Машқлардан кўзланган мақсад - Афғонистондан Тожикистонга террорчиларнинг кириб бориши эҳтимоли бўйича чегарада уч давлат ҳарбийларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўлади”, дейилади хабарда. 

Манбанинг таъкидлашича, режалаштирилган тадбир - "Тожикистон, Ўзбекистон ва Россиянинг биринчи тўлақонли қўшма машқларидир".

Аввалроқ, Афғонистон ҳукумати ва толиблар сулҳ ҳақида келиша олмагани хабар берилганди