Мурожаат ортидан Андижон вилояти Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмаси жойлашган Чинобод шаҳарчасига бордик. Муаммоли ҳолат бирлашма ҳудудидаги қозонхона биносининг электрон онлайн аукционда сотилиши билан боғлиқ.


2019 йил 2 октябрь куни тадбиркор Сардорбек Зулунов онлайн аукционда қозонхона биносини ютиб олган. Мана уч йилдирки, тиббиётчилар бино ноқонуний сотувга қўйилганини исботлашга уринишади.

Дарҳақиқат, бино “Андижон вилояти иссиқлик манбайи” ДУК тасарруфида дея эътироф этилиб, аукционга қўйилгани қанчалик қонун доирасида бўлганига нисбатан ҳақли саволлар бор.
ТТБ: “Ҳудудимиздаги бино сотилганини билмай қолдик”
Балиқчи туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари ўзларига тегишли бўлган ҳудуддаги бинонинг сотилишидан бехабар қолганликларини билдиришди.
Улар мазкур ҳолатнинг қонунийлигини ўрганиш учун юқори турувчи органлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган. Адлия бўлими мазкур бинонинг сотувга чиқарилиши давомида бир қатор қонун талаблари бузилганини аниқлаган.
“Мазкур бино – тиббиёт бирлашмасининг кадастр ҳужжатларида унинг девор билан ўралган ҳудудида кўрсатиб ўтилган. Демак, қозонхона биноси туман тиббиёт бирлашмаси ҳудуди ичида. Бино “Иссиқлик манбайи” ташкилоти балансида бўлиши мумкин, лекин унинг ер майдонига эгалик ҳуқуқи тиббиёт бирлашмасига тегишли.

Марказий шифохонага айни пайтда кучайтирилган физиотерапия, лаборатория хизматлари, фитотерапия учун бинолар етишмайди. Биз юқоридаги хизматларни оптималлаштириш ҳисобига бўшаган жойларга олиб кирганмиз.
Бу бинонинг электрон аукционга қўйилиб сотилишини билганимизда бериб қўймас эдик. Бирлашмамиз учун эгалик хуқуқи билан боғлиқ қонуний ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштириш қийин эмасди”, – дейди тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Исомиддинов.


















