Жазирама таъсирида ҳам дард орттириш мумкин – мутахассиснинг иссиқдан ҳимояланиш бўйича маслаҳатлари
|20:05 / 26.07.20219 2268 мин
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова жазирама кунларда иссиқдан ҳимояланиш ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича маълумотлар берди.
Фото: KUN.UZФото: KUN.UZ
Серқуёш юртимизда ёзнинг жазирама даврида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлиши одатий ҳол. Қуёш остида узоқ вақт бўлиш натижасида ультрабинафша нурлар организмга салбий таъсирини кўрсатади. Шу сабаб, қуёшнинг тик нурларидан сақланиш лозим, акс ҳолда офтоб уриши кузатилиши мумкин. Бундай пайтда куннинг иссиқ вақтида бошяланг юрганда бош қизиб кетади, қуёш нури таъсирида бош миядан катта артерия, вена қон томирлари кенгаяди ва бутун танада иссиқ қон айланиб, офтоб уриш ҳолати юз бериши мумкин.
машина салонларида ёш болаларни ва қарияларни узоқ қолдирмаслик керак.
Офтоб нурининг фаоллашган пайтида, яъни соат 11:00-12:00 дан то соат 16:00-17:00 ларгача иложи борича салқин хоналарда, кўчага чиқмасдан уйда бўлиш тавсия этилади. Уйда хоналар ҳам қуёш нурлари таъсирида бўлмаслиги учун деразаларга ҳимояланиш мақсадида мато тутиш мақсадга мувофиқ;
! Кун давомида кўпроқ сув ичиш лозим, ҳар бир хонадонда тоза ичимлик сув бўлишига эътибор бериш керак.
Жазирама иссиқ шароитларда кийиниш:
ҳавони яхши ўтказадиган, табиий матолардан тикилган;
қуёш нурини қайтарадиган, терни ўзига шимадиган;
кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади.
Шунингдек, тўқ рангли ёки қора ва жигарранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади натижада тана қизиб кетади ва иссиқ уриши кузатилади. Аксинча, очиқ рангли ёки оқ рангли матолардан кийимлар кийиш лозим. Улар иссиқлик ва қуёш нурини қайтаради ва офтоб уришининг олдини олади.
Ёзнинг иссиқ кунларида ҳам карантин қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда, ниқобни ечмасдан уни тақиб юришга мослашиш керак:
иссиқ ҳаво натижасида ниқоб остида ножўя таъсирлар (қичишиши, майда тошмалар) бўлмаслиги учун 1-2 соатдан алмаштиринг;
ниқоб остида юз терламаслиги учун табиий матодан тайёрланган бир неча марталик ниқобларни танлашингиз мумкин. Улар юмшоқ бўлиши, пахта ипли матодан бўлса яхши. Ечгандан сўнг уни хўжалик совунида ювиб, дазмолланг;
ниқоб ости аллергик ҳолатлари бўлмаслиги учун гипоаллерген материаллардан тайёрланган бир марталик дорихона ниқобларидан фойдаланиш мумкин;
ниқобни тез-тез алмаштириб туриш учун ёнингизда бир нечта ниқоб олиб юринг.
Кондиционердан фойдаланиш
Кондиционер остида узоқ вақт ўтирманг, жуда паст ҳароратга мосламанг;
Кондиционернинг совуқ шамоли танангизга тўғридан тўғри эсмасин;
Иссиқдан терлаб туриб кондиционер ишлаб турган хонага кириш қатор касалликларга туртки бўлиши мумкин.
Сув ҳавзаларида чўмилиш
Куннинг жуда иссиқ пайтларида, айниқса қуёшда тоблангандан кейин муздек ҳовуз ёки оқар сувга бирданига тушиш мумкин эмас. Чунки тана ҳарорати билан сувнинг орасидаги кескин фарқ туфайли томирлар тортишиши юзага келиши мумкин. Бунда оёқ томирларининг тортишиши, ҳаттоки мия ёки юрак томирларининг кескин қисқариши оқибатида улар фаолиятини қўққисдан бузилиши ҳам юзага келиши эҳтимоли бор. Бу эса жуда жиддий ҳолат ҳисобланади.
Ёз фаслида соғлом турмуш тарзига амал қилиш
Иссиқ кунларда кун тартиби ва шахсий гигиена, карантин қоидаларига амал қилиш, кечқурун илиқ душ қабул қилишга одатланиш лозим.
Фаслга мос кийинишга риоя қилган инсон соғлом, тетик ва ўзини одамлар орасида яхши сезади. Кийим – инсон танасини ташқи муҳит таъсирларидан сақлайди.
Ҳаво исиб кетган пайтда танамизни асраш учун қуйидагиларга аҳамият бериш лозим. Аввало, ёз кунлари бошни қуёш нуридан асраш учун махсус бош кийимлар кийиш керак ҳамда соябонлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Иссиқ ҳавода терлаш натижасида организм йўқотадиган сув ва зарур моддалар оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплашда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабаб овқатланиш ва ичимликлар ичишга ҳам эътибор бериш лозим.