Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар бўйича видеоселектор йиғилишида соҳада ишлар қониқарсиз экани, мутлақо янги тизим жорий этилиши маълум қилинди.

«Бир ҳафта муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига иккитадан олийгоҳ ва спорт мактаблари бириктирилади. Бириктирилган ректорлар Меҳрибонлик уйларига тарбиячилар тайёрлаш, кутубхона фондини бойитиш, болаларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга ўргатиш ва уларнинг келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантиришга, театр ва концертлар ташкил этишга масъул ва жавобгар бўлади.

Олийгоҳларнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳафтада камида икки кун ушбу тўгаракларга келиб, болаларни ўқитиб беради. Бунинг учун уларга алоҳида устама тўланади. Шунингдек, ректорлар Меҳрибонлик уйларининг ҳар бир тарбияланувчисига битирувчи курс аълочи талабаларини бириктириб, уларга мотивация бериб бориш амалиётини йўлга қўяди», деган давлат раҳбари.

Юнусобод туманидаги 21-сон Меҳрибонлик уйига Ахборот технологиялари университети ва Молия институти, Чилонзордаги 22-сон Меҳрибонлик уйига Жаҳон тиллари университети ва Тошкент педагогика университети бириктирилади.

«Биргина мисол, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли меҳрибонлик уйида ИНҲА университети билан янги тизим яратилган.

Шу боис бириктирилган ректорлар меҳрибонлик уйларига тарбиячилар тайёрлаш, кутубхона фондини бойитиш, болаларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга ўргатиш ва уларнинг келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантиришга, театр ва концертлар ташкил этишга масъул ва жавобгар бўладилар», дейди президент.

Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги спорт федерациялари билан бирга, икки ҳафта муддатда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун яккакураш, футбол, сузиш, теннис, шахмат каби спорт тўгараклари ташкил этилади.

Вилоят ҳокимлари бир ой муддатда Меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб бериш, зарур спорт анжомлари билан таъминлашга шахсан масъул бўлади.

«Ҳар йили ёз ва қиш мавсумларида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик, ҳомийлик ва патронатда болалар учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Термиз каби қадимий шаҳарларга саёҳат дастурини тасдиқлаб, амалга ошириш зарур.

14 ёшдан юқори ўғил-қизларни, Мудофаа вазирлигида йўлга қўйилган тизим каби, энг талаб юқори касбларга ўргатишни йўлга қўяди.